Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида ноқонуний балиқ овлаган шахс табиатга катта миқдорда зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Шаҳрисабз туманида рейд ўтказилган. Унда Ҳисор маҳалласида яшовчи Й.Қ. ноқонуний равишда Танхоз дарёсидан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 412 дона Амударё гул балиғи (форел) ҳамда 6 дона оддий қорабалиқ овлагани аниқланган.
Ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга етказилган зарар миқдори 12 млрд 749 млн сўмдан ортиқни ташкил этган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўрилишини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратурасига юборилган.
Аввалроқ Зангиота туманида балиқларни нобуд қилган корхонага 92 млн сўм компенсация ҳисобланганди.



