Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари вакили Муҳаммад Сажжод Хон маълум қилишича, 10 майга ўтар кечаси худкуш террорист портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобилни Фатех-Хел ҳудудидаги полиция назорат пунктига йўналтирган.

Портлашдан сўнг қуролланган жангарилар полиция постига ўқ узишни бошлаган. AFP агентлиги маҳаллий полицияга таяниб хабар беришича, ҳужумда 100 дан ортиқ жангарилар иштирок этган.

Юқори лавозимли ҳукумат амалдорининг айтишича, ҳужумчилар оғир қуроллардан ташқари кичик дронлардан ҳам фойдаланган. Чекиниш вақтида улар айрим полициячиларни ва уларнинг қуролларини олиб кетгани айтилмоқда.

Банну округи жойлашган Хайбер-Пахтунхва вилояти Афғонистон билан чегарадош бўлиб, бу ҳудуд тез-тез қуролли жангарилар ҳужумларига учраб туради.

Толиблар шакллантирган Афғонистон ҳукумати Исломободнинг террорчиларни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги айбловларини рад этиб келмоқда.

Dpa агентлиги маълумотига кўра, 2025 йилда Покистонда қайд этилган 5397 та террористик ҳужумнинг 3811 таси айнан Хайбер-Пахтунхва вилоятида содир бўлган. Шунингдек, худкушлар иштирокидаги 27 та ҳужумнинг 16 таси ҳам ушбу ҳудудга тўғри келган.