Ҳужжатга кўра, маҳкумларни кўчириш учун асос бўлган материаллар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (ЖИЭД) томонидан кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш якунлари бўйича тегишли хулоса тайёрланиб, у ЖИЭД бошлиғи ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Шунингдек, маҳкумни бир муассасадан бошқа шу турдаги муассасага кўчириш ЖИЭД Махсус ҳисоб бошқармаси тайёрлаган тақсимот асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Бунда асос сифатида ЖИЭД раҳбарияти тасдиқлаган хулоса ёки суд қарори хизмат қилади.

Лойиҳада маҳкумлар билан алоқа қилиш тартибига ҳам ўзгартиш киритилмоқда. Хусусан, амалдаги “телефон орқали” мулоқот қилиш тартиби “масофавий видео-учрашув ёки телефон орқали” шаклига ўзгартирилиши таклиф этилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгартишлар жазони ижро этиш тизимидаги жараёнларни янада шаффофлаштириш, қарор қабул қилиш тартибини аниқлаштириш ва маҳкумларнинг яқинлари билан мулоқот имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.