Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида таъкидланишича, мазкур чора театрлар фаолиятини рағбатлантириш, саҳна асарлари сифати ва томошабинлар сонини оширишга хизмат қилади.
Янги тартибга кўра, давлат ва хусусий театрлар сотилган ҳар бир билет учун бюджетдан қўшимча 10 минг сўмдан маблағ олади. Масалан, агар театр томонидан мингта чипта сотилса, унга қўшимча 10 миллион сўм ажратилади.
Шунингдек, театр жамоалари спектаклларни ҳудудларда намойиш этган тақдирда, ҳар бир сотилган чипта учун тўланадиган гонорар миқдори 20 минг сўмни ташкил этади.
Учрашувда хусусий театрларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор янги имкониятлар ҳам эълон қилинди. Хусусан, 1 сентябрдан бошлаб хусусий театрлар ва театр-студияларига ҳар йили 50 та саҳна асари яратиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, давлат маданият объектларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади, хусусий биноларни ижарага олган театрларга эса ойига 20 миллион сўмгача компенсация тўлаб берилади.
Президент мазкур чора-тадбирлар мамлакатда театр санъатини янада ривожлантириш, ижодий рақобат муҳитини кучайтириш ва аҳолининг маданий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.



