Россия президенти томонидан имзоланган ҳужжатга мувофиқ, чет эл фуқаролари учун мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш тартибига ўзгартишлар киритилди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими маълумотига кўра, янги тартиб 2026 йил 1 сентябрдан кучга киради. Унга мувофиқ, Россия ҳудудига кирган чет эл фуқаролари 30 календар куни ичида мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлади. Аввал мазкур муддат 90 кунни ташкил этган.
Қонунчиликка кўра, тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган ёки ушбу талабни бажармаган шахсларга 25 минг рублдан 50 минг рублгача жарима солинади. Шунингдек, қоидабузарлар маъмурий тартибда Россиядан чиқариб юборилиши мумкин.
Бундан ташқари, белгиланган жарима ўз вақтида тўланмаган тақдирда унинг миқдори икки бараварга оширилади ва чет эл фуқароси мамлакатдан мажбурий равишда чиқариб юборилади.
Янги ўзгартишлар доирасида хавфли касалликлар мавжуд эмаслиги ҳақида сохта тиббий маълумотномалар тайёрлаш ёки тарқатиш учун ҳам жиноий жавобгарлик жорий этилди.
Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси мамлакатда бўлиб турган ватандошларни амалдаги миграция ва тиббий талабларга қатъий риоя қилишга чақирди.



