Тошкент вилояти ҳудудидан олти йил олдин Сергелига қўшилган 13 та маҳаллада 14,5 минг хонадон бор, уларда 50 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Лекин бу ҳудудлар аҳолиси ҳалигача шаҳар муҳитини тўлиқ ҳис қилгани йўқ, деди президент Шавкат Мирзиёев 4 июн куни Сергелига ташрифи вақтидаги йиғилишда.

Давлат раҳбарига кўра, мазкур маҳаллаларда ёритиш учун 629 та темир-бетон устун ўрнатилиб, кабел тортилган. Аммо тизим ҳали ишга тушмагани танқид қилинди. Мутасаддиларга 10 кун муддатда ушбу масалани ҳал қилиш топширилди. Шунингдек, йил якунигача ушбу маҳаллаларни канализация тармоғига тўлиқ улаш вазифаси қўйилди.

Сергели туманида аҳоли ва тадбиркорларнинг сони ошгани сабабли электр энергиясига йиллик талаб беш йилда 40 фоизга кўпайди. Айрим маҳаллаларда электр кучланиши меъёрдан 1,5-2 баробар пастлиги қайд этилди.

“Шаҳаролди”, “Ўзгариш” ва “Қумариқ” нимстанцияларини ишга тушириш учун жами 107 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга ушбу объектларни аниқ муддатларда ишга тушириш ва аҳолига кафолатли электр таъминотини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.

Умуман, пойтахтнинг Бектемир, Мирзо Улуғбек, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларига ўтган 46 та маҳаллада электр, сув, канализация ва йўл бўйича бирорта ҳал этилмаган масала қолмаслиги кераклиги таъкидланди.