«Дунё» ахборот агентлиги маълум қилишича, Владивосток шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасига ушбу ҳудудда вақтинча яшаб келаётган ватандош М.Р. мурожаат қилиб, 2023 йилда туғилган фарзанди билан бирга оғир ижтимоий ва молиявий аҳволга тушиб қолганини маълум қилган.

Аниқланишича, фуқаро 2025 йилда турмуш ўртоғининг ёнига Россиянинг Приморе ўлкасига келган. Бироқ жорий йил июн ойида унинг турмуш ўртоғи ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланиб, суд қарори асосида Ўзбекистонга депортация қилинган.

Шундан сўнг, оила бошлиғисиз қолган аёлнинг топаётган даромади ижара уйи, озиқ-овқат ва ёш фарзандининг кундалик эҳтиёжларини қоплашга етмай қолган. Натижада оила оғир молиявий аҳволга тушган.

Вазиятни ўрганган Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари тезкор чоралар кўрди. Миграция агентлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан она ва фарзанди учун «Владивосток–Тошкент» йўналиши бўйича бепул авиачипталар расмийлаштирилди.

Шундан сўнг, ватандошлар Бош консулхона ходимлари кузатувида Владивосток халқаро аэропортидан Ўзбекистонга соғ-омон жўнатилди.

Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги дипломатик ваколатхоналар хорижда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий, ташкилий ва амалий ёрдам кўрсатиш ишларини изчил давом эттираётганини таъкидлади.