Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 372-сон қарори билан «Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида ўз филмларини яратиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистонда филм суратга олиш жараёнида сарфланган маблағларнинг бир қисмини rebate дастури орқали қайтариш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, компенсация миқдори тасдиқланган харажатлар ҳажмига қараб қуйидагича белгиланган:
-
3 млрд сўмгача — 10 фоиз;
-
3 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача — 15 фоиз;
-
5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача — 20 фоиз;
-
10 млрд сўмдан ортиқ бўлганда — 25 фоиз.
Бунда бир филм учун қайтариладиган маблағ 4 млрд сўмдан ошмайди.
Rebate дастурида иштирок этиш учун хорижий кинокомпания махсус электрон платформа орқали ариза топширади. Ўзбекистон ҳудудидаги тасвирга олиш ишлари якунланганидан кейин амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар 60 кун ичида платформага юкланиши лозим.
Аризалар комиссия томонидан 15 иш куни давомида кўриб чиқилади. Ижобий хулоса берилган тақдирда, компенсация маблағлари 5 иш куни ичида хорижий кинокомпаниянинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
Янги тартиб Ўзбекистонни халқаро кино ишлаб чиқариш учун янада жозибадор майдонга айлантириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш ҳамда миллий кино индустрияси ривожини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши кутилмоқда.



