Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, ҳодиса ҳақида хабар Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига 112 ягона диспетчерлик хизмати орқали келиб тушган.

Мурожаатга кўра, икки нафар фуқаро Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги Катта Чимён тоғига сайр қилиш мақсадида чиққан. Бироқ улар йўлдан адашиб қолгани сабабли мустақил равишда тоғдан туша олмаган.

Хабар олиниши билан қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Натижада адашиб қолган фуқаролар топилиб, хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган.

ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.