Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Бўстонлиқ туманида яшовчи 1971 йилда туғилган фуқаро тақиқланган кўкнори ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётгани аниқланган.
Гилавасой қишлоғи тоғ ёнбағирларида жойлашган ер майдони кўздан кечирилганда, жами 17 600 туп кўкнори ва 9 туп каннабис ўсимлиги мавжудлиги маълум бўлган.
Шунингдек, гумонланувчининг яшаш хонадони тинтув қилинганда, қуритилган кўкнори бошоқлари ҳамда қуритиб, майдаланган ҳолда сақланаётган кўкнори ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 2-қисми «в» банди ҳамда 25, 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.



