Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига мувофиқ, «Сиеста» тизими дастлаб тажриба-синов тариқасида жорий этилади. У меҳмонхоналар, хостеллар, меҳмон уйлари, музейлар, тарихий-меъморий ёдгорликлар, ресторан ва кафелар, туроператорлар ҳамда сайёҳлар учун мўлжалланган кўнгилочар масканларни қамраб олади.

Лойиҳада ёз ойларида туристик объектлар фаолиятини қуйидаги тартибда ташкил этиш тавсия этилган:

  • эрталабки иш вақти — соат 07:00 дан 13:00 гача;
  • «Сиеста» танаффуси — соат 13:00 дан 17:00 гача;
  • кечки ва тунги иш вақти — соат 17:00 дан 23:00 гача.

Ташаббуснинг асосий мақсади сайёҳлар ва ходимларни юқори ҳароратнинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш, туристлар учун қулай шароит яратиш, уларнинг мамлакатда бўлиш муддатини узайтириш ҳамда ёзги мавсумда туризм инфратузилмасидан самарали фойдаланишдан иборат.

Лойиҳада умумий овқатланиш ва кўнгилочар масканларга кечки вақтга мослаштирилган махсус ёзги таомномалар ва маданий дастурларни жорий этиш тавсия этилган. Шунингдек, музей ва тарихий обидаларда ёритиш тизимларини кучайтирган ҳолда «Тунги музей» ва «Кечки экскурсия» дастурларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Ҳужжатга кўра, «Сиеста» даврида корхоналар кондиционер тизимлари ишини таъминлаши, зарур навбатчи ходимлар ва қабул хизматларини сақлаб қолиши лозим. Бунда ходимларнинг иш ҳақи камайтирилиши ёки меҳнат шароитлари ёмонлашишига йўл қўйилмайди.

Лойиҳада Туризм қўмитасига тизимни жорий этиш бўйича намунавий регламент ишлаб чиқиш, ахборот кампанияларини ўтказиш ва натижаларни мунтазам мониторинг қилиш вазифаси юклатилган. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари ҳокимликлари эса кечки вақтда жамоат транспорти, ёритиш ва маданий-томоша тадбирларини ташкил этиши назарда тутилган.

Мазкур ҳужжат ҳозирча қарор лойиҳаси ҳисобланади. У қабул қилинган тақдирда, «Сиеста» тизими ҳар йили 1 июндан 31 августгача тажриба-синов тариқасида амал қилиши, 2026 йилги ёзги мавсум якунлари бўйича эса уни бошқа ҳудудларга татбиқ этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган.