Ҳусийлар Саудияга денгиз қамалини жорий этди
Ямандаги Эрон билан иттифоқдош ҳусийлар душанба куни Саудия Арабистонига нисбатан денгиз қамалини жорий этди. Бу АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушда янги фронт очиши ҳамда глобал савдо учун хавфларни ошириши мумкин.
Ҳусийлар баёнотида саудияликлар томонидан Яманга нисбатан жорий этилган «адолатсиз ва золимона қамал»га жавобан «душманга қарши дарҳол кучга кирадиган денгиз эмбаргоси» эълон қилинган.
Ямандаги Саудия бошчилигидаги коалиция эса ҳусийларга куч билан жавоб қайтаришини билдирди. Шунингдек, Саудия нефтининг асосий экспорт йўлига айланган Боб ал-Мандаб бўғозида кемаларни ҳимоя қилиш ҳаракатлари бошланган.
Ҳусийлар ушбу баёнотни Теҳрон ва Вашингтон ўртасида ҳужумлар кучайиб бораётган вақтда берди. Ҳусийлар баёнотидан кейин нефт нархи ўйнашни бошлади. Қизил денгиз орқали юк ташишнинг суғурта қиймати қимматлашди.
Агар бу бўғоз ҳам тўлиқ ёпилса, глобал нефт етказиб бериш 7 фоизга қисқаради. Чунки бу Саудия нефт экспортининг аксарият қисмини минтақани тарк эта олмайдиган қилиб қўяди. Ҳўрмуз бўғозини Эрон ёпгани учун аллақачон дунё бўйича етказиб бериш 10 фоизга камайганди.
АҚШ ва Эрон ўртасида тикланган ҳарбийлар ҳаракатлар ўнинчи кунки давом этмоқда. АҚШ Эрон шаҳарларини бомбардимон қиляпти. Муҳофизлар корпуси эса Кўрфаздаги АҚШ базаларини ва бўғоздан рухсатсиз ўтаётган кемаларни нишонга олмоқда.
АҚШ ўлдирилган 3 нафар ҳарбийси маълумотларини эълон қилди. «Эрон ҳар сафар америкалик аскарни ўлдирганда бу қотиллик учун бир неча баробар ортиқ ҳақ тўлайди», деб ёзди Трамп.
Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазирлиги воситачилар Теҳронга «таклифлар» тақдим этганини маълум қилиб, дипломатик алоқалар фаол эканига ишора қилди, бироқ тафсилотларни келтирмади. Шу кунларда Эрон ички ишлар вазири кейинги музокаралар учун Исломободга етиб келган.
Трамп Нетаняҳу ҳимоясига шай
Президент Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШга ташриф буюрганида ҳеч қандай шаклда ҳибсга олинмаслигини айтди. Нетаняҳу анъанавий равишда ҳар йили сентябр ойида БМТ Бош ассамблеясининг йиллик йиғилиши учун Ню Йоркка келади.
Бир неча кун аввал Ню Йорк шаҳри мэри Зоҳран Мамдани New York Times'га берган интервюсида шаҳар юридик департаменти қонунчилик нимага рухсат беришини фаол кўриб чиқаётганини айтганди.
«Мен бош вазир Нетаняҳунинг жойи Ҳаагада деб ҳисоблайман. У Халқаро жиноий суд томонидан айбланган ҳарбий жиноятчидир», деди Мамдани.
Трамп эса ўзининг постида Мамданини тилга олмади, бироқ Исроилнинг Эрон урушида кўрсатган ёрдамини алоҳида эътироф этди.
Халқаро жиноий суд 2024 йилда Ғазодаги геноцид урушида содир этилган тахминий ҳарбий жиноятлар учун Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берганди. Исроил эса суд юрисдикциясини рад этади ва ҳарбий жиноятлар содир этганини инкор қилади.
Япониянинг ядровий даъволари
Япония мудофаа вазири Шинжиро Коизуми ядро қуроли масаласини муҳокама қилишни бошлаш зарурлигини айтди. Мамлакат «ушбу муаммони четлаб ўтолмайди», деди вазир якшанба кунги чиқишида.
Маҳаллий ОАВларга кўра, мудофаа вазирининг ушбу баёноти — расмий Токио йил охиригача миллий хавфсизлик соҳасидаги асосий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш режалари билан боғлиқ.
Ядровий мунозараларга рухсат бериш зарурлиги ҳақида гапираркан, Шинжиро Коизуми Финландия ва Францияни мисол қилиб келтирди. Июн ойида Финландия парламенти миллий мудофаа мақсадларида мамлакатга ядро қуролини олиб киришга рухсат берганди. Франция эса март ойида ядровий каллаклар сонини кўпайтиришини маълум қилган.
Япония шу вақтгача АҚШнинг «ядровий соябони»га таяниб келган. Вазирнинг баҳолашича, эндиликда унинг мамлакати учун хавфсизлик соҳасидаги вазият кескинлашган. Шу сабабли Токио «баъзи мавзуларни муҳокама қилишдан қочмаслиги» керак.
Япония — ядровий ҳужумга учраган ягона мамлакат бўлиб, у 1967 йилдан бери учта тамойилга амал қилиб келади: ядро қуролини ишлаб чиқармаслик, унга эга бўлмаслик ва уни ўз ҳудудига олиб кирмаслик.
Ҳамасда янги етакчи
Ҳамас қаршилик гуруҳи душанба куни Халил ал-Ҳайяни ўзининг умумий етакчиси этиб тайинлади. Ал-Ҳайя 2024 йил октябр ойида Исроил билан жангда ҳалок бўлган Яҳё Синварнинг ўрнини эгаллайди.
Гуруҳнинг сургундаги раҳбари ва бош музокарачиси бўлган ал-Ҳайя Ҳамас раҳбариятида тобора марказий фигурага айланиб бораётганди. У етакчилик учун бошқа бир асосий номзод бўлган Холид Машалга нисбатан қатъийроқ позицияда деб кўрилади. Ал-Ҳайя 2025 йилда Доҳада Исроил ҳужуми нишонига айланганди.
Синвар ўлдирилганидан бери Ҳамас — беш кишилик Олий кенгаш томонидан бошқариб келинаётган эди. Reutersʼнинг ёзишича, танлов — Ғазо, босиб олинган Ғарбий соҳил ҳамда сургундаги аъзоларидан ташкил топган 50 кишилик кенгаш томонидан амалга оширилади.
Ҳамас 1987 йилда ташкил этилганидан бери энг оғир қийинчиликларга дуч келмоқда. Гуруҳ икки йиллик урушда катта йўқотишларга учраган ва қуролсизланиш бўйича халқаро талабларга рўпара келмоқда.
Ғазода Исроил билан сулҳга келишганига қарамай, Исроил ҳали ҳам секторнинг 60 фоиздан ортиғини назоратда тутиб турибди ва ҳужумларни давом эттирмоқда. Ғазонинг 2 миллион аҳолиси учун шароитлар оғирлигича қолмоқда.
Россия-Украина уруши
Россиянинг Одесса қирғоқлари яқинидаги юк кемасига берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 кишига етди. Украина Ҳарбий ҳаво кучларининг маълум қилишича, Гвинея-Бисау байроғи остидаги кемага якшанба куни Россия қанотли ракеталари зарба берган.
Қидирув-қутқарув операцияси бутун тун давом этди. Душанба куни эрталаб Украина денгиз портлари маъмурияти экипажнинг тўққиз нафар аъзоси ҳамда бир нафар учувчиси ҳалок бўлганини маълум қилди. Кейинчалик Ҳиндистон ҳужумда ўзининг тўрт нафар фуқароси ҳалок бўлганини билдирди.
Сўнгги ҳафталарда Одесса вилояти узлуксиз ҳужумларга учрамоқда. Биргина июл ойида ҳудудга берилган Россия зарбалари оқибатида 28 киши ҳалок бўлган.
Денгиз орқали амалга ошириладиган тахминан 9 миллиард долларлик экспорт Украина қишлоқ хўжалиги учун муҳим даромад манбаидир. Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг юк кемаларига ҳужумларни кўпайтириши, эҳтимол, хорижий компанияларни Украина маҳсулотларини сотиб олишдан қайтаришга қаратилган.
Ўз навбатида, Украина ҳам Қора денгиз ва Азов денгизидаги Россия объектларига ҳужумларини кучайтирди. Украина дрон кучлари қўмондони Роберт Бровди июл ойида Россиянинг 183 та кемасига ҳужум қилганини маълум қилди.
Шунингдек, Киев Москва вилоятидаги логистика объектлари ва нефт базасига зарба беришда давом этмоқда. Москва мэри Сергей Собянинга кўра, Украина душанбага ўтар кечаси вилоят томон 400 та дрон учирган, уларнинг аксарияти уриб туширилган.
Британия ҳукуматида ўзгаришлар
20 июл куни лавозимга киришган Буюк Британиянинг янги бош вазири Энди Борнҳам ҳукуматда бир қатор кадрлар алмашинувини ўтказди.
Хусусан, молия вазири лавозимига Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазири Жон Хили тайинланди. Июн ойида у Стармер мудофаага етарлича сармоя киритмаётганини айтиб, мудофаа вазирлигидан кетганди.
Ташқи ишлар вазири лавозимини Эд Милибенд эгаллади. Стармер кабинетида у энергетика хавфсизлиги вазири лавозимида ишлаган. Ички ишлар вазири лавозимига Шабана Маҳмуд қайта тайинланди.
Ваъда қилганидек, Борнҳам Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилиб, Британиянинг Украинага ёрдами ва Россияга босим ўтказиш компанияси мутлақо ўзгармасдан қолишини таъкидлади.
Шунингдек, Британия раҳбари АҚШ президенти Доналд Трампга қўнғироқ қилиб, футбол бўйича жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Бош вазир мудофаа масалаларига содиқлигини айтиб, Британия ҳамда унинг иттифоқчилари хавфсизлигини таъминлаш унинг кун тартибидаги устувор вазифа эканини билдирган.


