Полша пойтахти Варшава шаҳри аэропортида мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Интерполнинг Ўзбекистон миллий марказий бюроси вакилларига расман топширилди.

Маълум қилинишича, мазкур шахс йирик миқдордаги фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб, Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувга берилган эди.

Экстрадиция жараёни Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси кўмагида, Тошкент ва Варшава Интерпол миллий марказий бюролари ўртасидаги икки томонлама музокаралар, ахборот алмашинуви ҳамда ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари натижасида амалга оширилди.

Интерпол каналларидан самарали фойдаланиш орқали қидирувдаги фуқаронинг трансчегаравий ҳаракатлари аниқланиб, у Полша ҳудудида қўлга олинган.

Полша ваколатли органларининг ижобий қароридан сўнг қидирувдаги шахс суд олдида жавобгарликка тортилиши учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширилди.