Қозоғистон президентининг тегишли фармонига мувофиқ, Ерали Тугжанов Ўзбекистондаги янги элчи этиб тайинланди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Ерали Тугжанов мазкур лавозимда 2022 йил 24 ноябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиқларини топширган Бейбут Атамқуловнинг ўрнини эгаллайди.

63 ёшли дипломат Тошкентга тайинлангунига қадар Қозоғистон бош вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.

У давлат хизматида катта тажрибага эга бўлиб, турли йилларда Қозоғистон президенти администрациясида ишлаган, Манғистау ва Ақтўбе вилоятлари ҳокими лавозимларида фаолият кўрсатган. Шунингдек, мамлакат Касаба уюшмалари федерациясига раҳбарлик қилган ҳамда бош вазир ўринбосари вазифасида ишлаган.