Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов иштирок этди.

“Бугун Чўлпонота шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этдик. Бўлажак ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш доирасида ташкилот фаолиятининг устувор йўналишлари, кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодий ва транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга оид долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Йиғилиш якунида қатор ҳужжатларни имзоладик”,  – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида.

Бахтиёр Саидов шунингдек, кенгаш йиғилиши доирасида Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаев, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи, Покистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар билан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг билдиришича, учрашувларда икки томонлама кун тартибидаги ҳамда долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.