Ўзбекистон | 15:57 / 21.12.2024
5892
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти

Жорий йилнинг 11 ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4,7 фоизга, нефт қазиб олиш эса 7,3 фоизга қисқарди. Ички қазиб олиш кўрсаткичининг ёмонлашиб бораётганига қарамай, газ сотиш ҳажми ошиб боряпти. Бензин ишлаб чиқариш ҳам кетма-кет тўртинчи ой камайди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Статистика агентлиги 2024 йилнинг январ-ноябр ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 40,75 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2 млрд куб ёки 4,7 фоизга қисқарган.

2024 йилнинг январ-ноябр ойларидаги газ қазиб олиш кўрсаткичлари:

  • Январ – 3,99 млрд куб (ўтган йилнинг мос даврида – 4,31 млрд куб);
  • Феврал – 3,71 млрд куб (3,85 млрд куб);
  • Март – 3,89 млрд куб (4,16 млрд куб);
  • Апрел – 3,7 млрд куб (3,94 млрд куб);
  • Май – 3,52 млрд куб (3,6 млрд куб);
  • Июн – 3,54 млрд куб (3,7 млрд куб);
  •  Июл – 3,78 млрд куб (3,9 млрд куб);
  • Август – 3,78 млрд куб (3,9 млрд куб);
  • Сентябр – 3,55 млрд куб (3,7 млрд куб);
  • Октябр – 3,6 млрд куб (3,78 млрд куб);
  • Ноябр – 3,67 млрд куб (3,79 млрд куб).

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67 млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарганди.

2018-2023 йиллар оралиғида табиий газ қазиб олиш динамикаси қуйидагича бўлган:

  • 2018 йил – 61,59 млрд куб метр;
  • 2019 йил – 60,71 млрд куб метр;
  • 2020 йил – 49,77 млрд куб метр;
  • 2021 йил – 53,8 млрд куб метр;
  • 2022 йил – 51,67 млрд куб метр;
  • 2023 йил – 46,71 млрд куб метр.

Статистика рақамларига қарайдиган бўлсак, охирги 6 йилда газ қазиб олиш 24 фоизга ёки 14,88 млрд куб метрга камайган. Қисқариш 2024 йилда янада тезлашган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида табиий газ қазиб олиш ҳажмини йилига 62 млрд кубга етказиш вазифаси қўйилганди. Бу – ишлаб чиқариш ҳажми 7 йил ичида 33 фоизга ошиши кераклигини англатади. 

Газ қазиб олишнинг қисқариб бориши фонида импорт ҳажми ошиб боряпти. Хусусан, январ-ноябр ойларида хориждан 1 млрд 552 млн долларлик газ сотиб олинган, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда 2,8 баробарга кўп. 

 Ўз навбатида умумий давр учун газ экспорти 16,5 фоизга ёки 593 млн долларгача ошган. Айниқса, охирги ойларда газ сотиш ҳажми кескин кўпайди.

Аввалроқ, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов хориждан газ импорт қилиш 2030 йилга бориб 10-11 млрд куб метрга етиши мумкинлигини айтиб ўтганди.

Дастлабки 11 ойликда кўмир қазиб олиш 7 млн 328 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,5 фоизга ошган.

Шунингдек, ҳисобот даврида нефт қазиб олиш 709 минг тоннадан 657 минг тоннага (-7,3 фоиз) камайган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 1094 минг тоннадан 1113 минг тоннага ошган.

Январ-ноябр ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 фоизга кўпайган. Хусусан, 2023 йилнинг 11 ойида 70,4 мрлд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 73,6 млрд kWhʼгача ошган.

Ҳисобот даврида дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 939 минг тоннадан 912 минг тоннага, бензин ишлаб чиқариш 1 млн 215 минг тоннадан 1 млн 186 минг тоннага камайган.  

Мавзуга оид