Жаҳон | 00:02 / 22.12.2024
22450
6 дақиқада ўқилади

Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»

Бугун яна Сурия ҳақида гаплашамиз. Ушбу мамлакатдаги воқеалар ҳали узоқ вақт дунё ҳамжамияти диққат марказида бўлади. Куни кеча Сурияда ағдарилган диктатор Башар Асаднинг энг яқин иттифоқчиси, унга Москвада сиёсий бошпана берган Владимир Путин араб давлатидаги воқеалар ҳақида гапирди.

Биласиз, товариш Путин йил охирида прямая линия номли савол-жавоб форматидаги учрашувда қатнашиб, россияликлар саволларига жавоб беришни, уларга Роналд Рейган каби латифалар айтиб беришни яхши кўради. Уч йилдан буён энг яқин қўшнисига қарши «Донбассни қутқариш операциясида» қатнашаётгани ҳам Путинга бу учрашувни ўтказишига халақит беролмайди.

Биз Владимир Владимировичнинг бу галги чиқишини ҳам аввалгилари каби диққат билан кузатдик. Бутун дунё тақдири шу инсон қўлида десак, жуда бўрттирган бўламиз, лекин ҳозир мана шу одамнинг миясида ёмонроқ хаёл пайдо бўлиб, ҳеч ким истамайдиган машъум қарорни қабул қилса, сайёрамизнинг тақдирига ҳавас қилиб бўлмайди. Шу учун биз Путиннинг бошида қандай фикрлар айланаётганини билишга имкон берадиган ҳар қандай чиқишларини ўтказиб юбормаймиз.

Сурия ҳақида

Москвадаги жонли эфирда қатнашган америкалик журналист Путиндан Суриядаги воқеаларни изоҳлашни сўради ва балога қолди. Путин аввалига англосаксларга бўлган нафратини мана шу «шўринг қурғур амриқоликка» сочиб олди ва кейин саволга жавоб берди. Бутун башарият кўз ўнгида шармандаси чиққан Башар Асадни 10 йил давомида қўллаб келган Путиннинг айтишича, Ғарб Суриядаги воқеалар фонида Россияни мағлубдек кўрсатишга уринмоқда, лекин бундай эмас экан.

«Биз Сурияда террористик давлат тузилишини истамагандик ва бу мақсадимизга эришдик. Ҳозир у ердаги гуруҳлар ўзгарган. Агар улар террорчи бўлса, сиз нега улар билан музокара ўтказиб юрибсиз? Бизни Сурияда мағлуб бўлгандек кўрсатиш шарт эмас. У ерда қўшнимиз йўқ эди, фақат иккита ҳарбий базамиз бўлган. Айни дамда Суриядаги гуруҳлар базаларимиз у ерда қолишини истаётгани ҳақида сигналлар беришяпти», деди Путин.

Россия президенти саволга жавоб бераркан Суриядаги ҳукуматни Асад режими деб атади. Бу кутилмаган гап дейиш мумкин, чунки Путин Асаднинг энг яқин иттифоқчиси. Бошқа томондан Путин Асадни ҳар қанақа ном билан атай олади. Асад Суриядаги учрашувлардан бирида Путиннинг соқчилари томонидан тинтиб кўрилгани у Россия президенти учун қанчалик майда одам эканидан далолат.

Путин ҳам Сурия ҳукумат кучлари исёнчилар ҳужуми вақтида деярли қаршиликсиз қочиб кетганига эътибор қаратди. Шунингдек, Сурияда ҳукумат кучлари қулай бошлагач Россия Хмеймим авиабазаси орқали 4 минг нафар Эрон қўлловидаги гуруҳ ҳарбийларини Теҳронга эвакуация қилиб берганини айтди. Путинга кўра, қолган Эрон таъсиридаги гуруҳлар Ливан ва Ироққа қочган.

Путиннинг Суриядаги ҳолат ҳақида айтган энг муҳим гапи эса Исроилга боғлиқ бўлди: «Суриядаги воқеалар асосий бенефициари, менимча, барибир Исроил», деди Путин. Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг бу ҳаракатларига ҳар қандай баҳо бериш мумкин ва Россия Сурия ерларининг эгаллаб олинишига қарши. Ўз навбатида Путин Исроил ҳудудда ўз хавфсизлиги билан боғлиқ ҳаракатларни олиб бораётганини ҳам унутмаслик кераклигини таъкидлади.

«Жўлан тепаликларида мудофаа чизиғи бор. Исроил у ерда 63 км гача одимлади, ичкарига 25 кмгача кириб борди. У ерларда собиқ иттифоқ вақтида қилинган жуда жиддий истеҳкомлар бор», деб қўшимча қилди Россия президенти.

Нега Исроил эсланмоқда?

Сурияда 10 кун ичида ҳукумат қулагани фонида бу воқеалар ортида Исроил турибди деган гапларга тез-тез дуч келяпмиз. Оддий одамлар эмас, бутун бошли экспертлар, ҳатто ўзбек блогерлар бу ҳақда гапирмоқда. Хўш, нега Сурия ҳақида гапирганда Исроил номи тилга олиняпти? Қўлимизда Исроилнинг бу ишларга қандай алоқаси борлиги ҳақида исботимиз йўқ, лекин баъзи мулоҳазаларни билдириш мумкин.

Энг аввало Исроил Эронни кучсизлантириб ташлади. Исроилга қарши уруш очган ҲАМАС, Ҳизбуллоҳ, Ансаруллоҳ ҳаракатлари ортида Эрон туради. Исроил уларга бир йил давомида ҳужум қилди. Бу Эронга ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан жиддий зарба бўлди. Бундан ташқари, Теҳронда ҲАМАС лидери Исмоил Ҳанияни ўлдирган Исроил Эроннинг обрўсини ҳам тўкди. Барча омиллар бирлашиб Эроннинг репутациясига жиддий таъсир кўрсатди.

Сурияда Асад режимига қарши урушга тайёрланиб бу учун пайт пойлаётган, Туркия зимдан қўллайдиган гуруҳлар эса Эронга ортиқча баҳо берилганини кўриб ҳужумга ўтди. Натижа эса ҳаммага маълум — Сурия армияси мамлакат президентини ҳимоя қилишни истамай, қочди.

Яна бир жиҳат. Сурияда Ҳизбуллоҳнинг кўп сонли ҳарбийлари, бундан ташқари, Путин айтган кўп миқдордаги Эрон қўлловидаги гуруҳлар Асад режимини ҳимоя қилиб турарди. Ҳизбуллоҳни Исроил йўқ қилди ҳисоб, шу учун улар Эрондан Ливанга қурол олиб ўтишдаги асосий коридор шаҳар Хомсни ҳам ҳимоя қила олишмади.

Бир сўз билан айтганда, Исроил ўз ҳаракатлари билан Ҳайъат Таҳрир аш Шом каби гуруҳларга Башар Асад ишонаётган Эрон минтақада ортиқ катта кучга эга эмас деган сигнал берди. Бошқа иттифоқчи Россия эса Украинада ўзи билан ўзи бўлиб қолган. Мантиқан олиб қараганда, Асадни ағдариш учун бундан қулай фурсат йўқ эди. Чунки унинг режими қўрқув ва зулм эвазигагина мавжуд бўлиб турганди...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид