Исроилнинг қуруқлик амалиёти. Ливанга «чекланган» босқин катта урушга айланадими? Ва унга Эрон ҳам қўшиладими?
Исроил мудофаа армияси 1 октябрга ўтар кечаси Ливан жанубида қуруқликдаги ҳарбий амалиёт бошлагани тўғрисида маълум қилди. Армия расмийлари «чекланган рейдлар» фақат чегарадош ҳудудларда ўтказилишини айтишган. Шу тариқа, Яқин Шарқдаги уруш маркази том маънода икки ҳафта ичида Ғазо секторидан Ливанга кўчди — ва илк кунлардаёқ Исроил разведкаси ва ҳарбийлар йиллар давомида тайёрланган қатор операцияларни амалга оширишга улгурди. Исроиллик журналист Виталий Новоселов «Медуза» нашрига айни вақтда Ливан жанубида нималар бўлаётгани ва «Шимол ўқлари» амалиёти моҳияти нимада экани — ва у йирик минтақавий урушга айланиб кетиши эҳтимоли ҳақида материал тайёрлади.
30 сентябрдан 1 октябрга қадар бўлган бир кун ичида, Ливанда Исроил зарбалари оқибатида 55 киши ҳалок бўлиб, яна 156 киши яраланди, деб маълум қилган мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги. Ливан бош вазири Нажиб Микати мамлакат «ўз тарихидаги энг хавфли босқичлардан бирида тургани»ни айтган.
Сентябр ойи ўрталарида Исроил ҳарбий-сиёсий кабинети Ғазо секторидаги уруш мақсадларини кенгайтирди. Олдинги учта мақсад қаторига (Исроилга Ғазо секторидаги таҳдидни бартараф этиш, Ҳамас ҳукуматини яксон этиш ва гаровдагиларни озод этиш) тўртинчиси қўшилди — «Исроил шимолидаги аҳоли ўз уйларига хавфсиз қайтишини таъминлаш».
Ҳукумат қарорига кўра, бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галантга бу мақсадга эришиш учун ҳарбий йўлдан ҳам фойдаланиш ваколатлари берилди. Де-юре ва де-факто улар Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан уруш олиб боришга рухсат олганди.
Исроил шимоли қандай бўшаб қолганди? Ва нима учун фақат ҳозирга келиб Ливан билан чегарадаги шаҳарлар ҳимоясини ўйлаб қолишди?
2023 йил 7 октябрда Ҳамас аъзолари Исроилга ҳужум қилганидан кейинги куни Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи мамлакат шимолини ўққа тутишни бошлаганди. Исроил ҳукумати чегарага беш километр масофада жойлашган 43 та аҳоли яшаш манзилларини эвакуация қилишга қарор қилди. Бош вазир офиси ҳисоб-китобларига кўра, ўша кунларда 63,5 минг киши ўз уйларини тарк этган.
Аммо аслида кетганлар кўпроқ эди — ва бир йил ичида мамлакат шимоли ҳувуллаб қолди. Чегарадан беш километрдан кўпроқ масофада жойлашган кичик шаҳарлар ва посёлкаларда яшовчи исроилликларнинг кўпчилиги ҳам зарбалар хавфи юқорилиги туфайли эвакуация қилишга мажбур бўлганди. Бу оилалар мустақил равишда, ўз ихтиёри билан кетишган, шунинг учун расмий статистикадан ўрин олмаган. Ва бир йил давомида кетганларнинг кўпчилиги мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бутунлай қолишга қарор қилди, дея маълум қилган «Медуза»га Ливан билан чегарадан бир неча километр масофада жойлашган Кирят-Шмона шаҳри мэрияси.
Исроилдаги мамлакат шимолий чегараларини мониторинг қилиш билан шуғулланувчи «Алма» тадқиқот институти маълумотига кўра, сўнгги йил давомида «Ҳизбуллоҳ» Исроил ҳудудига ракеталар, дронлар ва танкларга қарши снарядлар билан уч минг мартадан ортиқ зарба берган. Исроил бош вазири офисига кўра, 8 октябрдан буён «Ҳизбуллоҳ» Исроил ҳудудлари томон 9,4 мингдан ортиқ ракета учирган.
Сентябр ойи охирига келиб, мамлакат шимолий ҳудудлари ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 50 дан ошган, шундан 26 нафари ҳарбий хизматчилар, 26 нафари тинч аҳоли вакиллари, дея маълум қилган «Медуза»га ЦАҲАЛ матбуот хизмати. Кўплаб кичик шаҳарлар ва кибуцалар амалда тўлиқ вайрон бўлган.
ЦАҲАЛ ва Исроил махсус хизматидагилар Ҳамаснинг ҳужумидан кейиноқ — 2023 йил 11 октябрида «Ҳизбуллоҳ»га қарши олдини олувчи зарбалар йўллашни истаганди. Аммо ўшанда Бинямин Нетаняҳу шимолий фронтдаги фаол ҳаракатларни кейинга қолдириб, асосий эътиборни Ғазо секторида Ҳамасга қарши амалиёт ўтказишга қаратганди.
Исроиллик ҳарбий таҳлилчи Давид Генделман «Медуза» билан суҳбатда бу қарорни Исроилга АҚШ томонидан босим билан изоҳлаган — иттифоқчилар Ҳамаснинг 7 октябридаги ҳудумидан кейин бутун минтақа уруш олови ичида қолишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишган. Бунда ресурслар тақчиллигининг ҳам роли бор эди: Генделман Исроил мудофаа армияси бир вақтнинг ўзида иккита фронтда кенг кўламли манёврли урушни самарали тарзда олиб бориш учун етарли даражада катта эмаслигини таъкидлайди.
Генделменнинг тасдиқлашича, Ғазодаги «Темир қиличлар» амалиёти вақтидаги ҳарбий ҳаракатларда ЦАҲАЛнинг бешта манёврчи дивизияси ҳаракатланган. «Сўнгги йигирма йилликда армия доимий равишда кичрайиб борди, — дейди у, — хусусан, бешта дивизия қисқартирилган. Шунинг учун параллел эмас, балки навбатма навбат ҳаракат қилишга қарор қилинган. Ва барча кучлар асосий йўналишга — Ғазо секторига киритилган».
Қарийб бир йилдан кейин ҳам ЦАҲАЛ ўз олдига қўйилган мақсадлардан ҳеч бирига эриша олмади: 101 киши ҳамон Ғазода гаровда ушлаб турилибди, Ҳамас бутунлай йўқ қилинмади, террорчилик таҳдиди бартараф этилмаган. Шунга қарамай, Исроил армияси маълумотларига кўра, Ғазодаги гуруҳнинг ҳарбий салоҳияти амалда тугатилган. Бинямин Нетаняҳу БМТ бош ассамблеясидаги чиқишида Ҳамаснинг 24 баталёнидан 23 таси тор-мор этилганини айтди.
Бугунги кунга келиб Ҳамас мунтазам армия сифатида уюшган қаршилик кўрсатмаяпти: гуруҳ кичик гуруҳлар билан ёки танкка қарши гранатомёт ва Калашников автоматларини кўтарган алоҳида жангчилар билан партизанлик уруши олиб бормоқда. Шунинг учун Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар энди «Темир қиличлар» амалиётининг илк босқичларида бўлгани каби кўп миқдордаги куч ва воситаларни сақлаб туришни талаб этмайди.
Ҳарбий таҳлилчи Давид Генделман ҳисоблашича, эндиликда Ғазода ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун ЦАҲАЛнинг икки ёки уч бригадаси ҳам етарли бўлади. Катта эҳтимол билан, шу туфайли ЦАҲАЛнинг асосий манёвр кучлари шимолга олиб ўтказилган.
Исроилнинг «Шимол ўқлари» амалиётининг моҳияти нимада?
17 сентябр куни кундузи Байрутда ва Ливаннинг бошқа шаҳарларида «Ҳизбуллоҳ» жангариларининг қўллари ёки ҳамёнидаги пейжерлар портлаб кетди. Жами уч мингта қурилма масофадан портлатилган.
Кейинги куни эса бу ҳолат юзлаб рациялар билан рўй берган. «Ҳизбуллоҳ» 37 нафар аъзоси ҳалок бўлгани ва 3,5 мингдан ортиқ жангчиси яралангани ҳақида хабар берган. The New York Times маълумотига кўра, Исроил махсус хизматлари портлатиш амалиётига бир неча йил давомида тайёргарлик кўрган.
18 сентябр куни Исроил авиацияси Ливан жанубидаги ўрта масофада ҳаракатланувчи юзлаб ракеталарни учириш қурилмалари ҳамда ракета омборларига ёпирилма зарбалар йўллади. ЦАҲАЛ матбуот хизмати бу ҳужумни қуйидагича изоҳлади:
«Ҳизбуллоҳ» террорчилик ташкилоти Ливан жанубини жанг майдонига айлантириб, ўнлаб йиллар давомида тинч аҳоли уйларига қурол жойлаштириб, уйларнинг остидан туннеллар ўтказиб, улардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда. ЦАҲАЛ шимолда аҳоли уйларига қайтиши учун хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳаракат қилмоқда.
Амалиёт «Шимол ўқлари» номини олди. Кейинги бир неча кун давомида Исроил ҳарбий объектлар, учириш қурилмалари ва қурол омборлари бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллашни давом эттирди — энди фақат жанубда эмас, балки Ливаннинг марказий ва шимолий ҳудудларида ҳам.
20 сентябр куни Байрутга йўлланган зарба оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг оператив бўлими бошлиғи, ташкилот етакчиларидан бири Иброҳим Оқил ўлдирилди. ЦАҲАЛ маълумотига кўра, у билан биргаликда кўп йиллар мобайнида Исроил шимолидаги Галилей туманида жойлашган аҳоли яшаш манзилларини эгаллаб олиш бўйича амалиётларни режалаштиришда қатнашган «Ҳизбуллоҳ» махсус топшириқли бўлинмасининг бир неча қўмондони ҳам ҳалок бўлган. Тўрт кун ўтиб шундай зарбалардан бири «Ҳизбуллоҳ»нинг ракета қўшинлари бошлиғи Иброҳим Муҳаммад Кубейси, яна тўрт кун ўтиб эса — «Ҳизбуллоҳ» ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Муҳаммад Ҳусайн Сарур ўлдирилди.
27 сентябр куни кечқурун Исроил армияси ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-15I самолёти «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрут шаҳри жанубида шиалар истиқомат қилувчи Даҳия туманига бомба ёғдирди. Штаб жойлашган бункер устидаги бир неча кўп қаватли бино қулади. Кейинги куни «Ҳизбуллоҳ» ўз етакчиси, шайх Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Насруллоҳ билан биргаликда «Ҳизбуллоҳ»нинг бошқа юқори мартабали қўмондонлари ҳам ўлим топган. Улар орасида жанубий фронт бошлиғи Али Кархи, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бош қўмондони ўринбосари, Ливандаги амалиётлар учун бўлган бригада генерали Аббос Нилфорушон, Насруллоҳнинг қўриқчилари бошлиғи Иброҳим Ҳасид Жазиний, жиҳод бўйича маслаҳатчи Самир Тавфиқ Диб ҳамда артиллерия кўмаги учун масъул бўлган Али Нааф Аюб ҳам бор эди.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сентябр ойининг сўнгги икки ҳафтаси давомида мамлакатда Исроил зарбалари оқибатида мингдан ортиқ киши ҳалок бўлиб, яна олти минг киши яраланган. Миллионга яқин киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
«Ҳизбуллоҳ» қандай жавоб бера олади?
Ҳарбий таҳлилчи Давид Генделман «Ҳизбуллоҳ» етакчиларига зарба бериш кетма-кетлиги яхши ўйланган, деб ҳисоблайди. «Агар Насруллоҳ билан бошлашганида, „Ҳизбуллоҳ“ Исроилни интенсив равишда ўққа тутишни бошлаши мумкин эди, — дея тахмин қилади у. — Аммо тайёргарлик зарбалари сериясидан кейин унинг имкониятлари кескин пасайди».
Шунга қарамай, 17 сентябрдан буён «Ҳизбуллоҳ» ўт очиш интенсивлигини ва ҳаракат радиусини бир неча бор ошириб, кунига 200–300 ракета учирмоқда ва нафақат чегара ҳудудларни, балки ичкарироқдаги Ҳайфа, Тверия, Назарет, Акко ва Самария каби шаҳарларни ҳам ўққа тутмоқда. Цфат, Кирят-Бялик ва Тверия ҳудудларидаги уйлар вайрон бўлган, бир неча киши яраланган. Исроилнинг ўзидагилар кенг кўламли уруш бошланган тақдирда, «Ҳизбуллоҳ» мамлакатга кунига минглаб ракеталар билан ҳужум қилиши, жумладан, ҳарбий ва авиабазалар, энергетика инфратузилма объектлари, Бен-Гурион номидаги аэропорт ҳамда денгиз портлари нишонга олинишини кутган.
«Ҳизбуллоҳ»нинг ракета арсенали, Исроилнинг Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институт экспертлари баҳоларига кўра, турлича 150 минг ракетани ўз ичига олади. Улар орасида — бутун Исроил ҳудудини қамраб олиши мумкин бўлган, ўрта ва яқин масофали, юқори аниқликда ҳаракатланувчи бир неча минг баллистик ракеталар ҳам бор. Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими катта эҳтимол билан бундай юкламага бардош бера олмаган бўларди: отишма шиддати ошган тақдирда, мамлакатдаги ҳарбий ва стратегик объектларни ҳимоя қилиш масаласи устувор бўлади.
Шу туфайли ЦАҲАЛ экспертлари аҳоли яшаш манзилларидаги жиддий вайронгарчиликлар ҳамда тинч аҳоли орасида юзлаб қурбонлар бўлишини прогноз қилганди. ЦАҲАЛ бош штабининг армия машғулотларида разведка маълумотлари асосида айнан шундай сценарийлар кўп бор кўриб чиқилган, дейди Генделман.
Ҳозирча буларнинг ҳеч бири содир бўлмади. Аммо Исроил авиациясининг «Ҳизбуллоҳ»га зарбалари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бўлиши мумкин. Агар Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ»нинг ракета захираларини кескин қисқартиришга эришган бўлса, бу зарбалар интенсивлиги ҳам пасайишига олиб келади.
Ливандаги уруш қандай кечиши мумкин?
Мамлакат шимолини зарбалардан холи қилиш ва бу ҳудуд аҳолиси уйларига қайтишига шароит тайёрлаш учун Исроил нафақат Ливан томондан ўт очилишини тўхтатиши, балки бу қайта бошланмаслигини ҳам кафолатлаши керак бўлади. Бунинг учун ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ»ни унинг жангчилари миномётлар, танкка қарши ракета комплекслари ва «Буркан» русумли кичик масофада ҳаракатланувчи ракеталар билан Исроилни ўққа тутмаслиги учун чегарадан бир неча километр нарига суриб ташлаши — бу орқали Ливан-Исроил чегарасида хавфсизлик зонаси ташкил этиши керак бўлади.
Бошқача айтганда, Исроил кучлари «Ҳизбуллоҳ»ни БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2006 йил 11 августидаги резолюциясига амал қилишга мажбурлаши керак, гуруҳ эса бунга ҳеч қачон риоя этмаган. Ҳужжатда Литаний дарёси жанубидаги чегара ҳудудларда «Ҳизбуллоҳ» қуролли тузилмалари жойлашмаслиги кераклиги кўрсатилган. Бундан ташқари, резолюцияга кўра, бу зона хавфсизлигини Ливан армияси ва БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти таъминлаши лозим.
«Ҳизбуллоҳ»ни чегарадош ҳудуддан кетишга фақат ҳаво зарбаларининг ўзи билан мажбурлаб бўлмади, шу туфайли ЦАҲАЛ Жанубий Ливанда қуруқлик амалиёти ўтказишдан бошқа муқобил йўл кўрмади. Бу амалиёт ривожланиши мумкин бўлган сценарийлардан бирини «минимум режа» сифатида таърифлаш мумкин. Бу ҳолатда амалиёт чекланган ва қисқа вақт давом этади: ЦАҲАЛ манёвр кучлари чегарадаги ўт очилиши мумкин бўлган йўлак ва тепаликларни эгаллаб олиши керак.
Шартли равишда «максимум режа» деб аташ мумкин бўлган бошқа сценарий ЦАҲАЛнинг камида иккита дивизияси, десант бригадалар, артиллерия ва махсус топшириқли кучлар авиация кўмагида умумқўшин амалиёти ўтказишидир. Бу ҳолатда мақсад Ливан жанубида кенглиги 10 километр атрофида бўладиган каттароқ ҳудуд, яъни кичик масофали ракеталар учирилиши мумкин бўлган бутун ҳудудни эгаллаш бўлади. Бу режа Суриянинг чегарадош ҳудудларига ҳам қўлланиши мумкин.
Давид Генделманнинг баҳолашича, бундай амалиёт — моҳиятан кенг кўламли уруш — икки-уч ой вақт олади. Аммо ЦАҲАЛ камроқ вақт кетадиган чекланган амалиёт билан ҳам кифояланиши мумкин.
Аммо Жанубий Ливанда ҳарбий амалиёт ўтказиш Исроил хавфсизлигини фақат қисман кафолатлаши мумкин. Чегарадош ҳудудлардан мунтазам ўт очишларга барҳам берилса-да, Ливаннинг марказий ва шимолий қисмидан ўрта ва катта масофали ракеталар билан зарба берилиши хавфи сақланиб қолади. Шу билан бирга, 1982 йилда бўлгани каби «Ҳизбуллоҳ»ни бутунлай тор-мор келтириш мақсадида Ливан ичкарисига кириб бориш (ёки Байрутни эгаллаш) бўйича қуруқлик амалиёти ўтказиш учун ЦАҲАЛда ресурслар етарли эмас, деб ҳисоблайди Генделман.
1982 йилги уруш
Исроил Ливаннинг жанубий ҳудудларида тўпланган Фаластин кучларини сиқиб чиқариш ва христиан кучлар билан иттифоқини мустаҳкамлаш мақсадида қўшни мамлакатга бостириб киради.
Бу можаро 1947 йил 29 ноябрида, БМТ Бош ассамблеяси халқаро ҳамжамиятга Фаластинни икки давлатга — араб ва яҳудийлар давлатига ажратиш режасини қабул қилиш тавсия этилган резолюцияни маъқуллаган пайтда бошланган.
БМТнинг Фаластинни бўлиш режаси қўшни араб давлатлари томонидан ҳам, Фаластиннинг ўзидаги араб аҳолиси томонидан ҳам рад этилади. Ҳудудни фақат ўзиники деб ҳисоблаган араблар яҳудийларни Фаластинга қайтариш ғоясини тан олишни хоҳламайди.
1948 йилда Исроил давлати тузилгани эълон қилиниши билан биринчи араб-исроил уруши бошланиб, исроилликлар араб давлати учун ажратилган ерларнинг тахминан ярмини эгаллаб олади, 1960-йиллар охирида эса — Фаластин ерларининг қолган қисмини ҳам.
Шу билан бирга, Исроил мустақиллиги эълон қилинганидан кейин араб давлатларидаги яҳудийларнинг ҳолати кескин ёмонлашади. Уруш бошлангач, яҳудийлар хавфсизлик нуқтайи назаридан мусулмон мамлакатларидан қочишга тушади.
Исроил эгаллаб олган ҳудудлардан ҳам юз минглаб фаластинликлар кетади. Улар 1948 йилдаёқ, биринчи араб-исроил уруши давридаёқ Ливан ҳудудига келиб жойлашишни бошлайди; чегарани кесиб ўтиш бўйича кейинги йирик тўлқинлар 1967 йилдаги Олти кунлик урушдан кейин, шунингдек 1970-йиллардаги «Қора сентябр» воқеаларидан кейин кузатилади. 1970-йиллар ўрталарида мамлакатда 300 минга яқин қочқин рўйхатдан ўтганди.
1971 йилга келиб Жанубий Ливан амалда тўлиғича Фаластин озодлик ташкилоти назоратига ўтганди — бу фаластинликларнинг ўз давлатини қуриш учун қуролли кураш олиб борувчи ҳаракатнинг марказий бўлими эди.
1975 йилда ушбу ташкилот амалда Жанубий Ливанда ўз давлатини қуради, унинг ҳудудлари Байрут ғарбидан Исроил билан чегарагача чўзилганди. Бу ҳудуд ташкилот жангарилари учун оператив ва ўқув базасига айланади.
Фаластинликларнинг қуролланган отрядлари айнан шу ердан Исроил ҳудудига рейдлар амалга оширади. 1982 йилда ЦАҲАЛ Фаластин озодлик ташкилоти базасини яксон этиш мақсадида Ливанга бостириб киради, аммо улар тор-мор этилиб, етакчилари қочиб кетганидан кейин ҳам Исроил кучлари Ливан жанубида қолишади. Бу ҳудуд оккупацияси фақат 2000 йилга келиб якунланади.
ЦАҲАЛ амалиёти якунланганидан кейин Жанубий Ливан билан нима бўлиши ҳақидаги саволга жавоб Исроил ҳукумати қарорига боғлиқ. Вариантлардан бири — мамлакат шимоли учун нисбатан ишончли кафолат берадиган оккупациядир.
Аммо Исроилнинг ўзидагилар ҳам, унинг минтақадаги ва Ғарбдаги иттифоқчилари ҳам бу вариантни кўпчилик қўллаб-қувватламайди, дейди ҳарбий тарихчи, террорчилик ташкилотлари бўйича мутахассис ҳамда Тел-Авив университети илмий ходими Яков Фалков.
«Мен тезкорлик билан тозалаш ўтказиш ва [мамлакат жануби устидан] назорат Ливан армиясига берилиши, уни кучайтириш учун барча — америкаликлардан тортиб саудияликларгача сармоя киритиши тарафдориман», — дейди Фалков «Медуза» билан суҳбатда.
Ҳарбий тарихчи Давид Генделман эса бошқача фикрда: «Хавфсиз зона устидан назоратни Ливан армияси ва БМТ тинчликпарвар кучларига беришни биз синаб кўрганмиз ва бу нимага олиб келганини кўриб турибмиз».
Бу минтақавий урушга айланиши мумкинми ва бунга Эроннинг қандай алоқаси бор?
Расмий равишда минтақавий уруш деб унда маълум минтақанинг барча давлатлари ёки деярли барчаси қатнашишига айтилади. Аммо Яқин Шарқдаги ҳозирги уруш контекстида урушга Эроннинг кириши асосий белги ҳисобланади.
1 октябр куни кечқурун ушбу мамлакат Исроил бўйлаб ёпирилма ракета зарбаси йўллаганди. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси маълум қилишича, бу 2024 йил июлида Ҳамас сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания, 27 сентябр куни «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳамда корпус қўмондонининг Ливан бўйича ўринбосари Аббос Нилфорушон ўлдирилганига жавобан амалга оширилган. «Агар Исроил Эроннинг ҳаракатларига жавоб қайтарса, у янада ҳалокатлироқ ҳужум билан тўқнашади», — дея огоҳлантирган Эрон расмийлари.
Аммо Эронда ҳамон кучли иттифоқчилар қўллови йўқ: Россия ва Хитой унга катта минтақавий уруш олиб боришда ёрдам кўрсатиши даргумон, деб ҳисоблайди Яков Фалков. Бундан ташқари, бугунги кунда ҳарбий-стратегик нуқтайи назардан Эроннинг позицияси бир йил олдингидан ёмонроқ, деб қайд этади эксперт: Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Ливан ва Суриядаги амалиётларга масъул бўлган қатор зобитларидан айрилган; Ҳамас ва «Ҳизбуллоҳ» анча заифлашган, қўққисдан ҳужум қилиш элементи бой берилган, бу вақтда эса Исроил ўз муваффақиятларидан куч олмоқда. Бундан ташқари, Эрон иқтисодиёти инқирозда, оятуллоҳнинг мамлакат ичкарисидаги рақиблари амалдаги режим заифлашишини пойламоқда. «Бундай вазиятда катта уруш бошлаш — буткул аҳмоқлик», — деб ҳисоблайди Фалков.
Шу билан бирга, Эрон кучишлатарлари, айниқса Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ўртага режим барқарорлиги ва ўзининг яшаб қолиши тикилганини англаб турибди, дея давом этади Фалков: «Улар фавқулодда чораларга қўл уриши, жумладан Эронда ўзига хос давлат тўнтариши амалга ошириб, [президент Масъуд] Пизишкиённи лавозимидан четлатиши ҳамда фавқулодда ҳолат эълон қилиши мумкин».
Исроил ҳарбийлари Эрон ҳудудидан 1 октябр куни учирилган 180 ракетанинг катта қисми тутиб қолинганини маълум қилган. The Times of Israel маълумотига кўра, ракеталардан бирининг парчалари қулаши оқибатида Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Иерихон шаҳри яқинидаги Нуэйма қишлоғида яшовчи, ғазолик Самиҳ ал-Асл ҳалок бўлган.
1 октябр куни Бинямин Нетаняҳу бу ҳужумга шундай муносабат билдирганди:
Эрон бугун тунда катта хатога йўл қўйди — ва у бунинг учун тўлов қилади. Эрондаги режим бизнинг ўзимизни ҳимоя қилиш ва душманларимиздан ўч олишга бўлган қатъиятимизни тушунмайди. Биз ўз қоидаларимизга амал қиламиз: бизга ҳужум қилган ким бўлса ҳам — биз унга ҳужум қиламиз.
Мавзуга оид
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
14:52 / 20.12.2024