Жамият | 12:30 / 01.12.2021
4366
3 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси мажлислари ҳамда айрим суд мажлислари жонли эфирда узатилади

Президент фармонида Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий кенгашлар мажлислари ҳам жонли узатилиши назарда тутилмоқда.

Фото: Қонунчилик палатаси

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича фармонда МТРК ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тадбирларни телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминлаш вазифаси юкланган:

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно);
  • тарафлар розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно).

Маълумот учун, бунгача Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлислари жонли эфирда узатилиб келаётган, бироқ Қонунчилик палатаси, Жўқорғи Кенгес ҳамда маҳаллий кенгашлар мажлисларининг очиқлиги таъминланмаган эди.

Шунингдек, фармон билан Олий Мажлис палаталарига ўз расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириш тавсия этилган:

  • парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар;
  • Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар;
  • Олий Мажлис Сенати аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари ҳақидаги маълумотлар.

Бундан ташқари, президент фармони билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳам тасдиқланган бўлиб, Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳонов Kun.uz’га берган интервюсида бу ҳақда батафсил тўхталган эди.

Мавзуга оид