Ишсиз аҳоли қандай ҳолатда касб-ҳунарга ўқитилади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 14 октябрь куни “Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларида ўқишга қабул қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни чиқарди.
Қарор ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга қайта тайёрлашни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 10 апрелдаги 199-сон қарорига мувофиқ чиқарилди.
Қайд этилишича, мазкур Низом ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўгрисида”ги Қонунининг 23-моддасига мувофиқ меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилиши мумкин, агар:
ишсиз шахс зарур касб малакасига эга бўлмаганлиги туфайли унга мақбул келадиган иш танлаш мумкин бўлмаса;
ишсиз шахснинг касб кўникмаларига мос келадиган иш йўқлиги сабабли унинг касбини (мутахассислигини, машғулот турини) ўзгартириш зарур бўлса;
ишсиз шахс аввалги касби бўйича иш бажариш қобилиятини йўқотган бўлса.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ касбга тайёрлаш, малака ошириш ёки қайта тайёрлаш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни меҳнат стажига қўшиш фуқароларга (ишсизларга) давлат томонидан моддий ёрдам беришга оид кафолатлар ҳисобланади.
Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида фуқароларга қонун ҳужжатларига мувофиқ стипендия тўланади.
Мазкур Низом талаблари Ўқув маркази томонидан тўлов асосида ташкил этиладиган қисқа муддатли ўқув курсларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўқув марказига ишга жойлаштириш бўйича иш берувчи, бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) марказлари ва ишга жойлашиш хоҳишини билдирган шахс ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома ҳамда мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги Марказ йўлланмалари мавжуд бўлган ишга жойлаштиришга муҳтож ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан касб-ҳунар коллежларини ва академик лицейларни битирган доимий ишга эга бўлмаган шахслар ўқишга қабул қилинади.
Ўқув марказида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш ўқиш бошланишидан камида етмиш кун олдин Ўқув маркази директори томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ёки Тошкент шаҳри Бандлик бош бошқармаси билан келишган ҳолда тасдиқланадиган Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказига қабул қилиш режаси асосида амалга оширилади.
Қабул режасида ўқишга ҳужжатларни қабул қилиш бошланадиган кун ва касб йўналишлари бўйича қабул квотаси кўрсатилади.
Қабул режаси асосида Ўқув маркази томонидан ўқишга қабул қилиш учун ҳужжатлар қабул қилинадиган вақт, қайта тайёрлаш касблари рўйхати, қайта тайёрлаш касблари бўйича кириш имтиҳонлари учун тест саволлари тузиладиган фанлар рўйхати, Ўқув марказининг манзили ва мурожаат учун телефон рақамлари кўрсатилган маълумотлар ўқиш бошланишидан камида олтмиш беш кун олдин оммавий ахборот воситаларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўқув марказининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Мазкур эълон Ўқув маркази томонидан фуқаролар танишиши учун қулай бўлган жойга осиб қўйилади. Ўқишга қабул қилишни ташкил этиш учун Ўқув маркази директорининг буйруғи билан камида беш кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади. Бунда Ўқув марказининг Маркетинг ва ишга жойлаштириш мониторинги шўъбаси мудири ишчи гуруҳ раҳбари ҳисобланади.
Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ўқиш бошланишидан олтмиш кун олдин бошланади ва ўттиз кун давом этади.
Номзодлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда ариза;
паспорт нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида паспортнинг асли кўрсатилади);
маълумотини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси (диплом ёки аттестат);
соғлиғи тўғрисида маълумотнома (086 - шакл);
ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартнома нусхаси;
Бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) маркази томонидан берилган йўлланма;
3,5 х 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат.
Номзодлардан мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Ҳужжатларни топширган шахсга уларнинг қабул қилиб олинганлиги ҳақида тилхат берилади. Ҳужжатларни қабул қилишда номзодларни рўйхатга олиш китобига номзод тест синовларини топширадиган тил қайд этилади.
Номзодларнинг ҳужжатлари сақланиши учун ишчи гуруҳ раҳбари масъул ҳисобланади.
Ўқишга қабул қилиш учун ҳужжатлар қабул қилинадиган вақт мобайнида ҳужжат топширган номзодлар сони касб йўналиши бўйича белгиланган қабул квотасидан ошган тақдирда ушбу йўналиш бўйича номзодлар учун кириш имтиҳонлари ўтказилади.
Кириш имтиҳонлари ўқитишнинг навбатдаги босқичи бошланишидан камида ўн беш кун олдин бошланади ва ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида кунда ўтказилади. Кириш имтиҳонларини ўтказиш жадваллари комиссия томонидан тузилади ва тасдиқланади.
Кириш имтиҳонлари бўлиб ўтадиган кунлар, касблар ҳақидаги маълумотлар Ўқув марказининг эълонлар тахтасига осиб қўйилади ва бир вақтнинг ўзида унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Кириш имтиҳонларидан олдин номзодлар ишчи гуруҳ томонидан белгиланган кунларда Ўқув маркази биносида ўтказиладиган маслаҳат машғулотларида иштирок этишлари мумкин.
Кириш имтиҳонлари тест шаклида ўтказилади. Номзодга тест синовини қайта топширишга рухсат берилмайди.
Ўқишга қабул қилинган ўқувчилар ҳақидаги маълумот буйруқ чиқарилган кундан бошлаб уч кун мобайнида Ўқув маркази томонидан йўлланма берган тегишли марказига юборилади.
Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марқазларида касб-ҳунарга ўқитиш тартиби тўғрисида низомга кўра, ўқитиш кундузги ўқиш шаклида амалга оширилади.
Ўқиш жараёни 40 ҳафтадан иборат бўлиб, 2 та семестрга бўлинади. Бунда ҳар бир семестр 12 ҳафтадан, ишлаб чиқариш амалиёти 15 ҳафта ва якуний малака имтиҳони 1 ҳафта этиб белгиланади. Ўқув маркази ўқувчиларининг умумий ҳафталик юкламалари 38 соатни ташкил этади. Барча ўқув машгулотлари учун икки академик ўқув соати давомийлиги 80 дақиқа этиб белгиланади.
Мавзуга оид
12:22 / 23.12.2024
Кураш тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга “экспорт” қилиш йўлга қўйилади
11:18 / 27.11.2024
Миллий симфоник оркестри ходимлари маоши оширилади
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
14:10 / 02.10.2024