Ўзбекистон | 08:52 / 17.11.2021
3506
4 дақиқада ўқилади

ОТМга имтиҳонда энг юқори балл тўплаган 200 нафар талаба учун президент гранти танлови ўтказилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар талабалар учун президент гранти танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар талабалар учун президент гранти танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади:

  • Президент гранти танловида иштирок этувчи талабгорлар тоифаси учун белгиланган талаблар;
  • танловларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимотига мувофиқ алоҳида ўтказиш;
  • талабгорларни рўйхатдан ўтказиш ва танловларни ўтказиш тартиби;
  • эксперт гуруҳлари томонидан танловга тавсия этилган талабгорларнинг умумий рўйхатини танлов йўналишлари (таълим соҳалари) кесимида шакллантириш;
  • талабгорлар учун Давлат тест маркази томонидан хорижий тил ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича махсус тест синовлари ўтказиш;
  • танлов ғолиблари ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, давлат комиссияси томонидан тасдиқланган квотага мувофиқ аниқлаш;
  • танловда ғолиб бўлган талабаларга президент давлат стипендияларини тайинлаш.

Президент гранти танловида ғолиб бўлган талабаларга президент давлат стипендияларини тайинлаш харажатларини молиялаштириш 2021 йилда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида идоравий мансублигига кўра тегишли вазирлик ва идораларга ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2022 йилдан бошлаб - давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар талабалар учун президент гранти танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, танловда иштирок этувчи талабгорлар тоифасига қуйидаги талаблар белгиланади: биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган бўлиши; ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига оид конференция (танлов)ларда иштирок этган бўлиши; давлат тили билан бир қаторда камида битта хорижий тилни (МДҲ мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) ва Ўзбекистон тарихини билиши лозим.

Талабгорларга танловда иштирок этиш учун олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан унинг ўқиш давридаги ютуқлари, жумладан илмий-тадқиқот фаолияти, ташаббускорлиги, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштирганлиги, намунали хулқ-атворга, соҳаси бўйича зарур билимга ҳамда республикада олиб борилаётган ислоҳотларга ўз фуқаролик позициясини билдира олиш кўникмаларига эга эканлиги каби шахсий фазилатлари бўйича тавсифнома берилади.

Танловлар таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимотига мувофиқ алоҳида ўтказилади. Талабгорларни рўйхатдан ўтказиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган “prezidentgranti.edu.uz” электрон тизими орқали амалга оширилади.

Талабгорлар учун Давлат тест маркази томонидан хорижий тил ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича махсус тест синовлари ўтказилади. Тест синовларида ҳар бир фан бўйича 50 тадан савол берилади ва ҳар бир тўғри жавоб 2 балл билан баҳоланади. Бунда, тўплаш мумкин бўлган максимал балл 200 баллни ташкил этади. Ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра ҳар бир фан бўйича ўтиш балининг қуйи чегараси 67 баллни ташкил этади.

Президенти грант совриндорлари рўйхати олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғига асосан тасдиқланади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи олий таълим муассасаларининг талабгорларга президент давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш ҳақида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши учун асос бўлади.

Мавзуга оид