Ўзбекистон | 17:03 / 11.09.2024
6511
5 дақиқада ўқилади

Бойсундаги кондан чиқаётган газ яқин кунларда жиловланади — ФВВ

М25 конидаги техноген офат сабаб оммавий заҳарланиш кузатилмаяпти, фақат айрим ҳолатларда одамлар енгил заҳарланмоқда, дея маълум қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили. У конни жиловлаш ишлари яқин кунларда амалга оширилишини айтди.

Самандар Ҳикматуллаев / Фото: АОКА

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 11 сентябр куни куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Унда масъуллардан Бойсундаги газ конида юзага келган ҳолат ва аҳолининг заҳарланиши ҳақида ҳам сўралди.

“Бойсундаги газ конида водород сулфид заҳарли гази чиқишидан кейин, ўша жойга энергетика вазиридан тортиб ҳокимларга бўлган расмийлар борди. Вазирлик ортиқча ваҳимага ўрин йўқ деганди, лекин аҳоли қийналаётгани ҳақида жуда кўп мурожаатлар келиб тушяпти. Вазирлик сифатида вазиятни қандай баҳолайсизлар, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш учун қандай тавсиялар берасизлар?” – дея сўради Gazeta.uz мухбири.

Саволга вазирлик матбуот котибининг ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев жавоб берди.

“Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда мана шу Бойсун масаласида жуда кўп маълумотлар тарқатиляпти. Келинг, биринчи бўлиб геолог сифатида маълумот бериб ўтаман. Республикамизнинг кўпроқ текислик ва тоғ олди ҳудудларида газ конлари бор. Нефт-газ конлари асосан иккита қатламнинг орасида бўлади, бу қатламлар газни ўтказмагани учун шу жойларда газлар сақланиб қолган. Бу жойларда нафақат метан гази, ҳар хил турдаги газлар сақланади. Бурғилаш жараёнида, жуда кўп ҳолларда юқори босимга эга қатламни ёриб тушган пайтда, мана шу жойда босим билан газ чиқишни бошлайди. Ҳаттоки дунё тажрибасида ҳам, ўзимизда ҳам жараён жуда катта ёнғинлар ёки портлашлар билан кечган ҳолатлар бўлиб туради.

Қатлам ёриб отилганидан кейин бу ерда (М25 кони назарда тутилмоыда – таҳр.) юқори босимга эга газ чиқа бошлади. Бу жойда метандан ташқари ёндош газлар, хусусан олтингугурт гази ҳам бор. Газни қайта ишлайдиган корхоналарда шу каби газларни ажратиб олиш ва табиатга чиқишининг олдини олиш имкони бўлади. Бу кон эса энди ўзлаштириляпти.

1 сентябр куни газ чиқа бошлаган бўлса, масъул ташкилотлар билан атрофдаги бир нечта қишлоқлар эвакуация қилинди, аҳоли бу жойлардан кўчирилди. Шамол йўналиши қайси тарафга эсаётган бўлса, бу газ ҳам ўша ёққа қараб эсиб боради. Бу тоғ олди ҳудуд бўлгани учун ҳар хил томондан шамол эсади.

Ҳозирда ўша газ чиқаётган бурғулаш қурилмаларининг яқинидан қўшимча штольня қазилиб, газ чиқариб қўйилган ва бу ёмон газ бўлгани учун аҳоли ва ҳудудларга таъсирини камайтириш мақсадида ёндириб қўйилган. Яъни кераксиз газлар ёқиб юбориляпти. Бу тажриба бутун дунёда ҳам бор.

Ҳозирги кунда юқори босимда чиқаётган газни жиловлаш, сиқиб олиш бўйича ҳукумат комиссияси ташкил қилинган, ишлар амалга ошириляпти. Асосий ишни бажарувчи ташкилот – “Ўзбекэнерго”. Улар билан ҳамкорликда штаб ташкил қилинган, у ерда ҳукумат комиссияси бор. Республика раҳбарияти ўша куннинг ўзидаёқ топшириқлар қўйган, аҳолига хавфларнинг олдини олиш бўйича бир қатор кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар амалга ошириляпти.

Лекин, уйидан ёки чорва молларидан хавотир олиб, эвакуация қилинган жойга қайтиб келаётган аҳоли вакиллари ҳам бор. Бугунги кунда оммавий заҳарланишлар йўқ. Тўғри, ижтимоий тармоқлардан ҳам кўряпмиз ёки ўзимиздаги маълумотлар бўйича, уй-жойини, мол-ҳолини кўргани келган аҳолида айрим ҳолларда заҳарланиш ҳоллари бор. Бу – енгил заҳарланиш. Шифокорга мурожаат қилганидан сўнг, ёрдамни олиб, қисқа вақт ичида чиққан ҳолатлар бор. 2-3 кун олдин бўлган аёллар [заҳарлангани] ҳолатида, улар қисқа вақтда шифохонага боришган ва зарурий ёрдам кўрсатилган, улар бугунги кунда ишни давом эттиришяпти. Демак, бундай ҳолатлар ҳам бор.

Ҳозирда хорижий тажриба ҳам ўрганиляпти. Яқин кунларда конни жиловлаш ишлари амалга оширилади”, – деди Самандар Ҳикматуллаев.

ФВВ вакили “қанча вақтда газ чиқиши тўхтатилади, одамлар кутяпти” деган аниқлаштирувчи саволга яна “қисқа кунлар ичида” деб жавоб берди.

“Асосий ишимиз – профилактик тадбирларни амалга ошириб, аҳолини ўша жойларга боришининг олдини олишимиз керак. Ҳукумат комиссияси ишлаяпти, халқаро тажриба ўрганилган. Қисқа вақт деб айтамиз-ку, лекин аниқ вақти, неча кун ичида жиловлаб олиш... Чунки у ерда жудаям юқори босим бор, катта босимда чиқяпти. Бу бўйича ишлар амалга ошириляпти. Қисқа кунлар ичида олди олинади”, – деди вазирлик матбуот хизмати раҳбарининг ўринбосари.

Мавзуга оид