Жамият | 01:13 / 27.01.2017
74860
9 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзлик ва самарқандлик шифокорлар ўлаётган уч ярим яшар қизчанинг ҳаётини сақлаб қолишди

Инсон дунёга бир марта келади. Шунинг учун бўлса керак у ёшми-кексами, эркакми-аёлми, айёрми-соддами, олимми-нодонми нима бўлган тақдирда ҳам, мана шу инсонлиги учун уни севадиган, ардоқлайдиган, кутадиган, гапларини тинглайдиган, характерини кўтара оладиган одамлар топилади. Шу сабаб суйганларимизнинг тирноғига тикан кирса, бизнинг ҳам жонимиз оғрийди. Аммо яқин инсонингни ўлим билан олишиб ётганини кўришинг эса умуман кўтариб бўлмайдиган дарддир. Айниқса, у уч ярим яшар норасида гўдак бўлса...

20 январнинг кечки тўққизи

Бундан бир ярим ой муқаддам уч ярим яшар жияним Ёсинахоннинг нафас олишида ўзгариш пайдо бўлди. Нафас олганида хириллаган бўғиқ овоз чиқар эди. Онаси, яъни синглим уни шифокорларга кўрсатиш ниятида Самарқанддаги кўп тармоқли шифохонага олиб кетди. У ерга боргач, педиатр Намозов Фазлиддин Шарофиддинович исмли педиатр жиянимга нафас йўлидаги аллергия ташхисини қўйиб, зарур дори-дармонлар ёзиб бериб, уларни жўнатиб юборди.

Орадан кунлар ўтди. Аммо Ёсинахоннинг аҳволи ёмонлашса, ёмонлашдики, бироқ яхши томонга ўзгармади. Онаси шифокор айтган қиммат дориларни сотиб олиб келар, уни қизига ичирар, бирор наф бўлармикан, деган илинжда кунларни санарди. Бироқ айнан шу куни, яъни 20 январда...

Ўз хонамда ишларимни бажариб, мақола ёзиб ўтиргандим. Ҳовлидан дадамнинг баланд овозда мени чақираётганларини эшитиб, шошиб ўрнимдан турдим-да, ҳовлига чиқдим. У кишининг рангларида ранг қолмаган, кўзлари хавотир ва қўрқувдан катта-катта бўлиб кетганди. “Пластик картангни тез олиб чиқ, Ёсинахоннинг нафас олиши оғирлашди. Шифохонага олиб бориш керак”, дедилар. Юрагим шув этиб кетди. Шошилиб уйга кирдимда, пластик картамни қўлимга олганча, ҳовлига отилдим. Синглим йиғлаганича, қўлида қизини ушлаб олган, жияним худди кимдир бўғаётгандек, қисқа-қисқа, аммо оғир нафас оларди. Оғиз атрофи кўкариб кетган эди.

Ишимни чала қолдирдим-у, ота-онам ва синглимга қўшилиб, Шаҳрисабз болалар шифохонасига йўл олдим. Жиянимнинг аҳволини кўрган шифокор, уни жонлантириш бўлимига олди. Ёнида онасини қолдириб, бизни ташқарига чиқариб юборишди. Ҳаво совуқ, қўрқув, ёмон хаёллар, онамнинг йиғиси аралашиб, жуда кучли ваҳима уйғотар эди. Дадам ҳар 10 дақиқада неварасининг аҳволини сўрар, аммо бир хил жавоб: “Ўзгариш йўқ”, деган сўзни эшитиб, ортга қайтар эдилар. 

Маслаҳатлашиб, синглим борган самарқандлик шифокорга қўнғироқ қилдик. У айни дамда жиянимга қараётган шифокор билан гаплашди. Зарур кўрсатмалар берди, шекилли, бизга айрим дори воситаларини олиб келишлигимизни айтишди. Дориларни олиб келдик... Яна дақиқалар ўтиш бошланди. Озгина умид пайдо бўлди. Бироқ аҳвол яхшиланмади.

Жиянимга қараётган жонлантириш бўлимининг шифокори тавсиясига кўра, Шаҳрисабзнинг Синабоғ қишлоғида яшовчи, шу шифохонанинг бош педиатри Қодиров Абдусаматнинг уйига йўл олдим. Соат тунгги иккилар атрофи. У киши дарров мен билан бирга шифохонага етиб келдилар. Битта бошдан кўра иккита бош яхши деб ўйладик ва бизда яна умид учқунлари пайдо бўлди.

Ўлимолди ҳолат

Орадан бир соатларга яқин вақт ўтгач, шифокорлардан бири чиқиб дадамни чақирди. У кишига нимадир деди. Дадам ерга ўтириб қолдилар. Олдиларига югуриб бордим. Билсам, шифокор барчамизни жиянимни кўришга, вазият жуда ёмонлашиб кетганлиги, ҳеч қандай чора қолмаганлиги ҳақида айтган экан. Ичкарига отилдим. Жонлантириш бўлимининг хоналаридан биридаги махсус крават устида жияним ёнбош қилиб ётқизиб қўйилган, оғзига нафас берувчи махсус труба уланган, бўғиқ, қисқа-қисқа нафас олар, сочлари жиққа ҳўл бўлиб кетган, кўзларини очганда фақат оқи кўринар эди. Ё раббий... “Нима учун?” деган савол миямга келдию, қўл-оёғимдан мажол кетди. Ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилар, ота-онамга, синглимга қандай далда бўлиш ҳақида ўйлар эдим. Нафас оляптими, демак ҳали умид бор эди. Аммо жажжи жиянимнинг ҳар бир нафас чиқариши ёки олиши охиргиси ҳам бўлиши мумкин эди. Шифокор ҳамшираларга осма укол қилишни буюрди-да, ўзи бизларни ташқарига чиқишимизни сўради. Ана шунда... Ана шунда бутун бир шифохонада, тағин яна жонлантириш бўлимида электр узилиши бўлди. Борлиқ зулмат қўйнида қолди. Фикрларим чувалашиб кетди: “Ахир қандай қилиб, шу пайтдая???”. Кўз олдимда чироқ ёки телефонларининг ёруғини кўтариб олган ҳамширалар у ёқдан бу ёққа чопар, осма укол қилиш учун таваккалига жиянимнинг томирини қидиришар, ёруғликни иложи борича кўпайтиришга уринишарди. Тоза ҳаво олиш учун ташқарига чиқдим. Атроф қоп-қоронғи... Соатга қарадим. Тонгги тўрт. Шу турганча бир нуқтага тикилиб қолдим. Баданимдан совуқ ўтганини ҳам, атрофимда йиғилаётган одамларни ҳам пайқамас эдим. Менга энди барибир эди. Ҳозирги куним ҳам, келажагим ҳам... Орадан бир соатга яқин вақт ўтиб чироқлар ёнди. Ҳа, улар ёнди.

Қарасам, дадам йиғлаётган онамни овутаётган эканлар. Эркак йиғламайди, аммо у йиқилади. Мен ана шундан хавотирда эдим. Дадамнинг ёнларига бориб, вазиятни сўрадим. Ўша аҳвол. Умиднинг кичик бир ёлқини баданимни қамраб олди: “демак жияним хали нафас оляпти”.

Биз кутган тонг

Тонг бўзара бошлаганида шифохонанинг бошқа шифокорлари: бош врач Эшматов Абдуҳалим, врач Сатторов Муродулла, врач Ашуров Одиллар етиб келиб, жияним борасида ўзаро маслаҳат қилишди ва бир тўхтамга келишди. Қизчанинг ўпкасига нимадир ўтиб кетган ва у ойлар давомида ўша ерда туриб йиринглаган. Бошида қўйилган ташхис нотўғри бўлиб чиқди. Уни дарров Самарқанд шаҳридаги Болалар хирургияси шифохонасига жўнатиш керак эди. Шаҳрисабз шаҳридаги Болалар шифохонасида Бронхоскопия ускунасининг йўқлиги сабаб, улар жиянимни Самарқандга жўнатишга аҳд қилишди. Барча тадорик кўра бошлади. Ёсинахоннинг аҳволи ҳам бир мунча яхшиланган, йўлга чиқса бўларди. Она-бола шифокор ҳамроҳлигида йўлга чиқишди.

Самарқанддан хушхабар

Синглим айтади: “Самарқандга етиб бордик. Қизимни олиб жонлантириш бўлимига олиб кириб кетишди. Ўзимга алоҳида палата беришди. Икки ярим соат кутдим ва ниҳоят қизимни операция қилишгани, унинг ўпка йўлида шўрданак пўстлоғи ўтиб кетгани, жарроҳлик муваффақиятли ўтганини айтишди. Аллоҳга шукур, У менга қизимни қайтариб берганди. Махсус кузатув камераси орқали наркоз таъсирида ухлаб ётган қизимнинг видеотасвирини кўрсатишди. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Ҳаёт ва ўлим ўртасида 18 соат қийналган қизгинам, ухлаб ётарди”.

Орадан уч кун ўтиб, Ёсинахонни онасининг қўлига беришди. Самарқанд шаҳридаги Болалар хирургияси шифохонасининг хирурги Маннонов Раҳматулла Абдусаматович синглимга шаҳрисабзлик шифокорлар тўғри ташхис қўйишгани ва энг керакли пайтда аниқ қарорга келиб, уларни бу ерга юборишганини айтибди. Синглимнинг айтишича, шифохонадаги барча тиббий хизматлар бепул экан. Бино озода, хизмат кўрсатиш сифати яхши экан. Қолаверса шахсан ана шу шифокор - Маннонов Раҳматулла Абдусаматович бор билим ва маҳоратини ишга солибди, она ва боланинг саломатлиги учун жон куйдирибди, ўз хизмат вазифасини аъло даражада бажарибди. 

Кутилган кун

Эртага синглим ва жияним уйга қайтишади. Бу ўтган кунлар бир умр хотирамда муҳрланиб қолиб кетди. Ҳар бир мусибат ортидан, албатта, яхши кунлар келар экан. Қизчанинг бундай ҳолатга келишига биз катталар сабаб бўлгандирмиз ёки нотўғри қўйилган ташхис сабабмикан, буни Яратган эгамнинг ўзи билади. Ҳар кимнинг жигари ўзи учун азиз. Шундай экан, яқинларимизни янада қадрлайлик, асрайлик ва севайлик. Зеро ҳаёт ва ўлим ораси бир қадам экан!

Сарвар Анвар ўғли

Мавзуга оид