Спорт | 13:31 / 10.10.2024
9354
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт ИИБ Ўзбекистон–Эрон ўйинига келмоқчи бўлган мухлисларга мурожаат қилди

Чиптаси бор мухлисларга имкон қадар вақтлироқ йўлга чиқиб, шахсий автомобилда эмас, жамоат транспортида келиш тавсия этилади. ИИББ стадионга чиптасиз келмасликни сўради: чиптаси бўлмаган фуқаролар қўриқланадиган майдонга киритилмайди.

Фото: Tribuna.uz

Бугун, 10 октябр куни соат 19:00 да Тошкентдаги миллий стадионда футбол бўйича Ўзбекистон ва Эрон миллий жамоалари Жаҳон чемпионати саралаш ўйинини ўтказади.

Ўйин учун iticket.uz сайти орқали сотувга чиқарилган барча чипталар сотиб бўлинган.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун Миллий гвардия билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар! Сизлардан футбол майдонига ўйин бошланишидан вақтлироқ ташриф буюришингизни, шахсий транспортингизда эмас, балки жамоат транспортида келишингизни, чипталарсиз футбол майдонига келмаслигингизни (чипталарсиз майдонга киритилмайди) сўраб қоламиз. Футбол ишқибозларига қулайлик яратиш ва тирбандликларга йўл қўймаслик мақсадида қўшимча жамоат транспортлари ажратилганини маълум қиламиз.

Шунингдек, футбол ишқибозлари майдонда жамоат тартибига ва ўрнатилган қоидаларга қатъий риоя қилишларини, мухлислик маданиятига амал қилишларини сўраймиз”, – дейилади ИИББ мурожаатида.

Бошқарма бугунги ўйинда Ўзбекистон миллий жамоасига омад тилаган.

Мавзуга оид