Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида автобус қатнови қайта тикланиши мумкин
Жорий йил 5 июнь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштиришнинг истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар кутилаётган олий даражадаги ташриф чоғида имзоланиши режалаштирилган икки томонлама ҳужжатлар ва ҳукуматлараро битимларни ишлаб чиқишнинг боришини муҳокама қилди. Шунингдек, улар тадбир кун тартибидаги барча йўналишлар борасида келишувларга эришиш ҳамда барча масалалар юзасидан якдил фикрга келиш учун бор бўлган имкониятларни сафарбар этишга ўзаро тайёр эканликларини билдирди.
Икки томонлама муносабатларда савдо-иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари умумий устуворликка эга эканлиги айтиб ўтилди. Шу муносабат билан икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг биринчи даражали вазифалари ҳамда ўзбек ва тожик бизнес жамоалари вакиллари ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Ўзаро манфаатли қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича келишувларни назарда тутган ҳолда олий даражадаги ташриф кун тартибини амалий мазмун билан тўлдиришга оид навбатдаги тадбирлар белгиланди.
Маданий-гуманитар соҳада фаол ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, маданият, санъат, фан арбоблари, шунингдек, икки мамлакат ёшларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларига ўзаро сафарларини ташкил этишга келишиб олинди. Икки давлатнинг Тошкент, Самарқанд, Термиз, Душанбе, Хўжанд, Пенжикент ва бошқа йирик шаҳарлари ўртасида автобус қатновини қайта тиклаш истиқболлари муҳокама қилинди. “Ипак йўли” сайёҳлик брендини илгари суриш ва зиёрат туризмини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар Бирлашган миллатлар ташкилоти, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида навбатдаги тадбирларни белгилаб олди.
Мавзуга оид
21:07 / 28.12.2024
Байрам кунлари Тошкентда автобуслар қисқартирилган жадвал асосида ҳаракатланади
09:10 / 27.12.2024
Тошкент - Чорвоқ мавсумий автобус қатнови йўлга қўйилди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
08:45 / 20.12.2024