Ўзбекистон | 20:49 / 21.12.2024
5384
2 дақиқада ўқилади

“Таннархни тушириш – кенгайиш, ҳажмни ошириш билан бўлади” — Зафар Ҳошимов

“Таннархни туширадиган нарса – солиқдан ёки тўловлардан қочиш эмас. Таннархни туширадиган нарса – кенгайиш, ҳажмни ошириш”, деди Ўзбекистон президентининг бизнес доиралари билан учрашувида сўз олган тадбиркор Зафар Ҳошимов. Давлат раҳбари ҳам ҳар бир соҳада таннархни пасайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Президент ва тадбиркорлар учрашуви, 2024 йил август / Фото: Зафар Ҳошимов

Кеча, 20 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Анжуманда тадбиркор Зафар Ҳошимов маҳсулотларнинг таннархини арзонлаштириш учун нима қилиш кераклиги бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Таннархни туширадиган нарса солиқдан ёки тўловлардан қочиш эмас. Таннархни туширадиган нарса кенгайиш, ҳажмни ошириш. Солиқдан қочадиганлар “объём”ини кўпайтира олмайди, чунки параллел ҳисоб қилиш керак, уни алдаш керак, буни беркитиш керак. Ўзи ўзини гирдобга олиб киради.

Биз рақобатдан қўрқмаяпмиз. Мана, Тошкентга Франциянинг Carrefour тармоғи, Қозоғистоннинг энг катта Магнум тармоғи кирди, синдириб қўймади. Чунки биз кенгайганимиз ҳисобига унумдорлигимиз устида ишлай оламиз”, деди Зафар Ҳошимов.

Давлат раҳбари ҳам ҳар бир соҳада таннархни тушириш муҳимлигини, Ўзбекистон шароитида барча тадбиркорларда бу бўйича жуда катта имконият борлигини таъкидлаб ўтди.

“Агар таннарх билан йилма йил ўзингиз ҳисоб-китоб қилсангиз, рақобатга бардош бера оласизлар. Биз чегарани ёпиб қўйсак, ҳеч қачон ўзгариш бўлмайди, валюта ҳам келмайди, барқарорлик ҳам бўлмайди. Мен ўйлайман, Зафар, тўғри масалани кўтардингиз. Ҳалол ишламаган тадбиркорлар бизнинг ҳам, сизларнинг ҳам оёқларингизга кишан бўлади. Маҳсулотларингиз рақобатбардош бўлмайди, конверт кўтариб юрилаверилса. Қачонгача бўлади бу? Биз рақобатга тайёр, очиқ сиёсат юритяпмиз”, – деди президент.

Мавзуга оид