Ўзбекистон | 13:54 / 19.12.2024
12315
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг аризасига асосан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари хулосасига кўра, жамоатчилик фаоли Отабек Бакировга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

"Лолазор" подкастидан кадрлар

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фуқаро Отабек Бакировнинг устидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жамоатчилик фаолига нисбатан Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ариза берган, вазир уни ҳақорат ва обрўсизлантиришда айблаган эди.

Бакировнинг маълум қилишича, ИИББ қарорига, хусусан, АОКАнинг вазир берган аризада кўрсатилган важлар мавжуд эмаслиги ҳақида тегишли экспертиза хулосаси ва шикоятга сабаб бўлган пост ёзилганига 1,5 йилдан кўп вақт ўтгани асос қилиб кўрсатилган.

“Ички ишлар органларига мазкур иш юзасидан ўтказилган тезкор суриштирув ва ҳаракатлар учун фуқаровий ташаккур билдираман”, – дея қайд этди Отабек Бакиров.

Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги раҳбарининг шикоятига Бакировнинг 2023 йил ёзида ўз каналида эълон қилган пости сабаб бўлган. Постда Тошкен шаҳри Сағбон подстанциясидаги серияли авариялар ва таъмирлаш ишлари ҳақида сўз боради.

Отабек Бакиров бу аризани “аҳволи тобора оғирлашаётган энергетикадаги муаммоларни ечиш ўрнига, танқидни тўхтатишга, ёпиқлик муҳитини яратишга ва кучайтиришга уриниш” деб баҳолаган эди.

Мавзуга оид