Ўзбекистон | 23:32 / 16.11.2022
8735
4 дақиқада ўқилади

Тарихий миллий либослар ва Туркистон авангарди намуналари Парижда намойиш этилади

Кейинги ҳафта Парижда Ўзбекистон маданиятига доир кўргазмалар иш бошлайди. Улардан бири Араб дунёси институтида ташкил этилади ва унда XIX–XX аср ўрталарига оид миллий тўқимачилик маҳсулотлари, либослар, безаклар ва рангтасвир асарлар намойиш этилади. Саида Мирзиёева бу кўргазма Европа жамоатчилигининг қизғин эътиборини қозонишига ишонч билдирди.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

2022 йил 23 ноябрдан 2023 йил 4 июнгача Париждаги Араб дунёси институтида “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмаси бўлиб ўтади.

Кўргазма ташкилотчиси – Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева маданий тадбир олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Мен ушбу кўргазма Европа жамоатчилигининг қизғин эътиборини қозонишига ишонаман.

Унда юртимиз ҳунармандларининг ажойиб ишларини намойиш этиб, анъаналаримиз ва қадимий санъат мактабларимиз ҳақида тасаввур уйғотамиз. Кўргазмада XIX–XX аср ўрталарига оид миллий тўқимачилик маҳсулотлари, либослар, безаклар, Бухоро амирлиги даврининг зардўзли чопонлари, шунингдек, Ўзбекистон давлат музейлари коллекциясидан тўпланган Туркистон авангардига оид рангтасвир асарлар ўрин олади.

Биз халқаро аудиторияга юртимизнинг бой меросини тақдим этишдан бениҳоя хурсандмиз. Умид қиламизки, ушбу лойиҳа халқларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади ва шу орқали ўзбек миллатини бутун дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшади”, – дея ёзди Мирзиёева Telegram-каналида.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 24 ноябридан 2023 йилнинг 6 мартига қадар Париждаги Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси ҳам ташкил этилади.

Туркистон авангардининг дурдоналари

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизматига кўра, кўргазма учун экспонатларни танлаб олишда франциялик мутахассислар ҳам иштирок этган. Экспонатлар орасида Савицкий музейидаги асарлар алоҳида аҳамиятга эга.

Энг қизиқарли экспонатлардан бири қорақалпоқ аёлларининг XVII-XVIII асрлардаги анъанавий бош кийими – тобелик ҳисобланади. Тобелик маржон ва фируза тошлари ҳамда кумуш пластиналардан йиғилган цилиндрсимон шаклга эга. У тўй бош кийими – саукеле устидан кийиладиган қўшимча безак, ўзига хос тож вазифасини бажарган.

Қорақалпоқ аёлларининг XVII-XVIII асрлардаги анъанавий бош кийими – тобелик
Хайкел

Кўргазмада кимешеки ҳам тақдим этилади. У ҳам аёлларнинг миллий бош кийимидир. Кимешеки бошни бутунлай қоплайди, юз эса очиқ қолади. Баъзи жиҳатларига кўра “капюшон”ни эслатади. Турмуш қурган аёллар муайян рангдаги кимешеки кийган ва шу орқали ўз мақомига урғу берган.

Танлаб олинган экспонатлар орасидан Ўрол Тансиқбоев, Виктор Уфимцев, Надежда Кашина мўйқаламига мансуб асарлар жой олган. Александр Волков, Алексей Исупов ва бошқаларнинг асарлари ҳам бор. Муаллифларнинг ўзига хос рассомлик услубига қарамай, барча асарлар битта мавзу – Шарқ ва унинг ранг-баранглигидан илҳомланиб яратилган ва шу мавзу атрофида бирлаштирилган.

Николай Карахан, “Қарағай дарахтлари қуршаган ҳовуз бўйидаги чойхона”

Масалан, Николай Караханнинг “Қарағай дарахтлари қуршаган ҳовуз бўйидаги чойхона” асарини кўрган томошабин ўша даврдаги одамларнинг қандай кийиниши ва дам олиши, уларнинг турмуш тарзи, табиатни дарҳол англаши мумкин.

А.Исупов, “Шарқ кафеси”
Н. Кашина, “У Шир-Дора”
А.Н Волков, “Арба”
А.Н Волков, “Йўлдаги ҳордиқ”
У.Тансиқбоев, “Қумғон”

“Умуман олганда, Савицкий музейи томонидан тақдим этилган бутун тўплам Шарқ маданияти ва хусусан Ўзбекистоннинг ранг-баранглиги, ўзига хослиги ва жозибасини очиб беришга мўлжалланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ва у Европанинг машҳур пойтахтида жойлашган Араб дунёси институтида тақдим этилиши катта рамзий маънога эга. Бу Ғарб ва Шарқнинг биргаликда мавжуд бўла олиши ва бир-бирини ўзаро бойитиши мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди”, – дейилади расмий релизда.

Мавзуга оид