Жаҳон | 09:00 / 07.10.2024
4589
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ливан билан чегарада иккинчи ёпиқ ҳудуд ҳақида маълум қилди

Исроил шимолидаги Манара, Ифтаҳ ва Малкия кибуциларига кириш тақиқланган.

Фото: Jim Urquhart / Reuters

Исроил мудофаа кучлари 6 октябр, якшанба куни Ливан билан чегарадаги яна учта ҳудудни ёпиқ ҳарбий зона деб эълон қилди. ЦАҲАЛ Telegram-каналида эълон қилинган хабарга кўра, «вазият баҳоланганидан сўнг» минтақага кириш тақиқланган.

Гап Исроил шимолидаги Манара, Ифтаҳ ва Малкия кибуцилари ҳақида бормоқда. 30 центябр куни ЦАҲАЛ Метула, Мисгав Ам ва Кфар Гилади жамоатлари атрофидаги ҳудудларни ҳарбий ҳудуд деб эълон қилди.

Исроил армияси Ливан жанубида шиддатли жанглар олиб бормоқда

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ ) 2 октябр куни Ливан жанубида «оғир жанглар» бошланганини эълон қилди ва минтақа аҳолисини Литани дарёси жанубидаги ҳудудларга бормасликка чақирди. Бундан бироз аввал «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Ливандаги Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бери мамлакат жанубидаги Одаис қишлоғи яқинида исроиллик ҳарбийлар билан биринчи тўқнашув ҳақида хабар берган эди.

 «Ҳизбуллоҳ» даъво қилишича, ҳаракат жангчилари исроилликларга талафотлар етказган ва уларни чекинишга мажбур қилган. Бундан ташқари, улар Исроил шимолидаги Мисгав Ам ҳудудида исроиллик қўшинларининг катта концентрациясига ракета ва артиллериядан зарба берилганини ва яна учта жойда ЦАҲАЛ позицияларига ракета зарбалари берилганини эълон қилди.

Исроил қўмондонлигига кўра, Ливандан Исроилга 50 та ракета учирилган. Аксарият аҳолиси эвакуация қилинган Метула қишлоғида 10 та уй зарар кўрган.

Мавзуга оид