Жаҳон | 14:47 / 18.12.2024
13067
14 дақиқада ўқилади

Исроил нега Сурияга тўсатдан зарба берди ва янги кучлар тақсимотидан нималар кутилмоқда?

Башар Асад режими қулатилганидан буён Исроил Суриянинг барча ҳудудларига ҳаво, денгиз ва қуруқликдан 500 га яқин зарба берди. Исроил қўмондонлиги маълумотига кўра, атиги икки кун ичида Суриянинг ҳарбий салоҳиятининг тахминан 80 фоизи йўқ қилинган. Исроил раҳбарияти Сурия ҳарбий арсенали исёнчилар қўлига ўтишига йўл қўймаслик учун шошилган кўринади. Аммо гап фақатгина шундами?

Фото: Anadolu agency

Башар Асад режими қулаши билан Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) 1967 йилдаги Олти кунлик урушдан кейин БМТ назоратида тузилган, оккупация остидаги Жўлан тепаликлари яқинидаги қуролсизлантирилган буфер зонага ўз қўшинларини киритди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу шу ҳафтада Исроил ва Сурия ўртасида 1974 йилда имзоланган ажратувчи келишув энди амал қилмаслигини ҳам маълум қилди.

Шунингдек, Исроил ўз ҳудудига террорчи гуруҳлар яқинлашувига йўл қўймаслик мақсадида чегарада қўшимча хавфсизлик ҳудудини яратиш ниятида эканини билдирмоқда.

Бунинг барчаси нима маънони англатади? Исроил раҳбарияти Суриянинг янги ҳукуматини террорчилар деб ҳисоблайдими? Яҳудийлар давлати қўшнисига нисбатан куч ишлатишдан бошқа яна қандай ҳамкорлик шаклларини кўриб чиқмоқда? BBC таҳлилида шулар ҳақида сўз борди.

Душманинг душмани — дўст эмас

Сурияда амалга оширилган операция бўйича қарор Исроилнинг тор доирадаги ҳарбий-сиёсий кабинети томонидан қабул қилинган. BBC манбаси таъкидлашича, бу мажлис кабинет кун тартибидаги энг қисқа йиғилишлардан бири бўлган.

«Сўнгги бир неча кун ичида ЦАҲАЛ Сурияда давлатимиз учун таҳдид солувчи стратегик объектларни йўқ қилиш мақсадида иш юритди», — деди мудофаа вазири Исроил Кац кенг кўламли ва тезкор операциядан сўнг.

Бунгача Исроил Суриядаги авиаҳужумлари Эронга қарашли объектларга қаратилганини айтиб келган. Эрон – Исроилнинг Яқин Шарқдаги энг қудратли рақиби бўлиб, Асад режимини қурол-яроғ ва жангчилар билан қўллаб-қувватлаб келган.

Энди барчаси тугади. Ҳокимиятни қўлга киритган исёнчилар Туркияга содиқ бўлиб, ушбу давлат бир неча йил давомида айрим гуруҳларни қурол билан таъминлаб келган. Шу билан бирга, Туркия Эроннинг муросасиз душмани.

Суриялик исёнчилар энди мамлакатда Эроннинг иштирокига йўл қўймаса керак, бироқ шу ҳолатда ҳам улар Исроил учун яхши қўшни бўлиб қолиши даргумон.
Фото: AFP

Шундай экан, Исроил ўз чегараларидан бирида машҳур «Эрон таҳдиди»дан халос бўлгандай кўринади. Лекин ҳозир Исроил учун асосий таҳдидлар қаерда?

«Сурияда ҳокимият йўқ. Ҳозир у ерда турли гуруҳлар алянси мавжуд ва кўриниб турибдики, уларнинг ҳеч бири она Тереза момодан ўрнак олаётгани йўқ. Мафкуравий жиҳатдан уларнинг барчаси экстремист ва ўтмишда ўзларини салбий томондан намоён қилган», — дейди собиқ ҳукумат маслаҳатчиси, сиёсатшунос Ариэл Булштейн.

Асад режими Эрон билан яқин алоқада бўлган бўлса-да, Исроилга тўғридан тўғри таҳдид солмасди, у Исроил разведкаси томонидан синчковлик билан ўрганилган ва Исроил унга эҳтиёткорлик билан, аммо сабр билан муносабатда бўлган.

«Асад қулай ва энг муҳими, барқарор рақиб эди, уни кўпроқ ўз мамлакатининг ички муаммолари қизиқтирарди», — деб тушунтиради Женевадаги Стратегик тадқиқотлар институтининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Себастян Буссо.

Шунингдек, Башар Асад Исроил ва АҚШнинг террорчилар рўйхатида бўлмаган. Аммо исёнчилар – анча номаъқул ва прогноз қилиб бўлмайдиган куч бўлиб, улар жаҳон бўйича жиҳодчилар билан кенг алоқаларга эга, деб ҳисоблайди исроиллик мутахассислар.

«Сурияда ядровий қурол йўқ, чунки Исроил бу имкониятни ўз вақтида тўхтатган. Бироқ кимёвий қурол захиралари ва бошқа илғор қуроллар, масалан, фуқаролик авиалайнерларини уриши мумкин бўлган тизимлар етарлича бор эди. Агар бу қуроллар дунё бўйлаб тарқалса, жуда катта хавф туғдириши мумкин. Шу тариқа, Исроил нафақат ўз хавфсизлиги, балки бошқа давлатлар хавфсизлигини ҳам ҳимоя қилди», — дейди BBCʼга изоҳ берган исроиллик сиёсатшунос.

Исроил қандай қуролларни йўқ қилди?

BBC ҳарбий мухбири Иля Абишевнинг таҳлилига кўра, Исроил авиацияси Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ҳеч қандай қаршилигига дуч келмаган кўринади — зарбалар чуқур ҳудудларга йўналтирилган бўлиб, улар деярли барча нишонларга етиб борди ва уларни юқори аниқликда дронлар орқали суратга олиш билан бирга амалга оширилди.

Талафот миқёсини баҳолаш ҳали қийин — Сурияда кўплаб ҳарбий ва стратегик объектлар мавжуд, армия тарқаб кетган, йўқотишлар ҳақида ҳисобот берувчи ҳеч ким йўқ. Бироқ ҳодиса жойидан келган суратлар ва тасвирлар Исроил ҳаво ҳужумлари натижалари жуда таъсирли эканини кўрсатади.

Бир видеоёзувда Латақия портининг вайронага айланган кўриниши акс этган. У ерда 205ЭР «Москит» лойиҳасига тегишли бешта ракета катери ёниб чўккан ҳолда кўриниб турибди.

Сурия ҳарбий денгиз кучларида шу каби яна саккизта кема ва йигирмага яқин бошқа кемалар мавжуд бўлган, уларнинг барчаси ишчи ҳолатда эмасди. Улардан нима қолгани номаълум; Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Сурия флоти тўлиқ йўқ қилинганини айтган.

Йўқ қилинган турли авиабазалардан олинган суратларда ҳарбий самолётлар парчалари акс этган. Тахминларга кўра, улар Су-22 бомбардимончи самолётлари бўлиб, L-29 «Делфин» ўқув самолётига зарар етган, французлар ишлаб чиқарган SA-342L «Газел» вертолётларининг ёниб кетган қолдиқлари, тўлиқ йўқ қилинган МиГ-29, қисман вайрон бўлган МиГ-23 ва МиГ-25 самолётлари ҳамда «Бук-М2» зенит-ракетаси мажмуасининг зарарланган бир неча учириш мосламаларини кўриш мумкин.

Шунингдек, ҳеч қандай шикаст етмаган, фақат ташлаб кетилган ҳарбий техникаларнинг суратлари кўп. Дайр-аз-Заур ҳудудида олинган видеоёзувда трейлерлар колоннаси кўриниб турибди, унда тўртта «Бук-М1» ЗРМ тизимлари бор. Шарҳловчининг таъкидлашича, бу тизимларни курд гуруҳлари ўз назоратидаги ҳудудларга олиб кетган.

Россия омиллари

Бу ҳафтада Исроил ҳаво ҳужумларини ҳатто Ҳалаб аҳолиси ҳам кузатди. Исроил авиацияси узоқ вақтдан бери Сурия ҳудудининг бу қадар чуқур қисмига кирмаган эди.

Сўнгги йилларда Исроилнинг Суриядаги амалиётлари Москва томонидан Башар Асадни ҳимоя қилиш учун юборилган Россия ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари билан тўсилган эди. Аслида, ҳар бир парвозни Исроил Россия қўмондонлиги билан келишиб олиши керак эди.

Россия қўшинлари 2011-16 йиллардаги фуқаролик уруши даврида Башар Асадга ҳокимиятни сақлаб қолишда ёрдам берган.
Фото: Anadolu agency

Исроиллик экспертларнинг сўзларига кўра, ЦАҲАЛ маълум муддатдан бери ўз амалиётларини ҳеч ким билан мувофиқлаштирмасликни бошлаганди. Аммо Асад режими қулаши ва Россиянинг минтақадаги таъсири йўқолиши Исроилга тўлиқ ҳаракат эркинлигини берди. Суриядаги ҳарбий объектларга зарбалар жуда тез ва аниқ йўналтирилди.

«Имкониятлар дарчаси пайдо бўлди. Гап фақат қурол ҳақида эмас, оммавий қирғин қуроллари устида иш олиб борган илмий-тадқиқот институтларини ҳам нейтраллаштиришга муваффақ бўлдик», — дейди Исроил бош вазирининг собиқ маслаҳатчиси, сиёсатшунос Ариэл Булштейн.

«Бунга, аввало, Асад режими қулаши сабаб бўлди, Россия кетиши эса қўшимча омил бўлди. Бу Эрон имкониятларига ҳам таъсир қилади. Россия қўшинлари ҳимояси остида Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» Сурия ҳудудидан ўз мақсадлари учун фойдаланган эди», — дейди эксперт.

Эроннинг қутқулари

Эрон Сурияда ўзининг муҳим таянч нуқтасини йўқотганини ҳозирча эҳтиёткорлик билан изоҳламоқда. Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбари Ҳуссайн Саломий Эрон янги реаллик билан яшаши ва унга кўра ҳаракат қилишини таъкидлади, аммо бу мавзуда кўп гапирмади.

Шу билан бирга, Теҳрон минтақадаги прокси кучлари орқали Исроилга осойишта ҳаёт кечиришга қўйиб бермаслигини аниқ кўрсатди. Ливандаги радикал «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи расмий баёнот бериб, Сурия халқи танловига кўра барқарорликни тиклаб, Исроил оккупациясига қарши туришини тилади.

Эронпараст «Ҳизбуллоҳ» фуқаролик уруши вақтида Башар Асадни жиддий даражада қўллаб-қувватлаган ва бу унинг ҳокимиятда қолишига сабаб бўлган омиллардан бири эди.

Суриянинг ағдарилган президенти Башар Асад, Эроннинг олий бош раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий, «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳассан Насруллоҳ ва Яман ҳусийчилари етакчиси Абдулмалик Бадруддин битта плакатда — ағдарилган Сурия реджими иттифоқчиларининг иллюстрацияси. Фото: AFP

Аммо баъзи экспертлар фикрига кўра, «Ҳизбуллоҳ»нинг Суриядан ўз қўшинларини Ливанга қайтариб, Исроилга қарши жангларга йўналтиргани Асад режими қулашини тезлаштирган омиллардан бири бўлиши ҳам мумкин.

«Ҳизбуллоҳ» шу ҳафта ичида эълон қилган баёнотида «Биз Сурия ва унинг халқини ўз келажагини белгилаш ва душманга – Исроил номли узурпатор ташкилотга қарши курашда қўллаб-қувватлаймиз», — деб таъкидлади. Гуруҳ шунингдек, Исроилнинг Суриядаги ҳарбий инфратузилмаларга уюштирган зарбаларини қоралаб, халқаро ҳамжамиятни бу ҳужумларни тўхтатиш ва Сурия халқига бу муҳим тарихий босқичда ёрдам беришга чақирди.

«Ҳизбуллоҳ»нинг олий мартабали қўмондони ва Ливан парламенти аъзоси Ҳассан Фазлуллоҳ Асаднинг ағдарилишини бутун минтақа учун хавфли ва катта ўзгариш деб атади. Унинг сўзларига кўра, Ливан ва «Ҳизбуллоҳ» бу ўзгаришлар оқибатларини синчковлик билан баҳолайди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу агар Суриянинг янги режими Эронга мамлакатга қайтиш имконини берса ёки ўз ҳудудини «Ҳизбуллоҳ»га Эрон қуролларини етказиш учун тақдим этса, бунинг тўлови қиммат бўлишидан огоҳлантирди.

Шу билан бирга, экспертлар сунний исёнчилар ҳозирги босқичда шиаларга Сурия ҳудудига қайтиш учун изн бериши эҳтимоли жуда кам эканини таъкидламоқда.

Дипломатия бўлмайдими?

Халқаро кузатувчилар Исроилнинг янги Сурияга фақат куч ишлатиш усули билан алоқалар ўрнатиш ниятига ишора қилганини хавотирли сигнал ўлароқ қайд этмоқда.

Исроил ўтган ҳафта ичида Жўлан тепаликларидаги ўз позициясини ниҳоятда мустаҳкамлаб олди. Фото: Anadolu agency

Исроил эса бу фикрга қўшилмайди. Исроил расмийлари таъкидлашича, бу таҳдид эмас, балки исёнчиларнинг ҳар қандай душманона ишорасига муносиб жавоб қайтарилишини англатиш учун қилинган ҳаракатдир. Шу билан бирга, яҳудийлар келгусида ўтиш даври ҳукумати билан муносабатлар ўрнатишга очиқ эканини билдиришган.

«Бу дипломатия масаласи эмас. Агар сени йўқ қилишни исташса, ҳеч қандай дипломатия ёрдам беролмайди. Агар йўқ қилиш нияти бўлмаса, унда дипломатияга ҳожат ҳам йўқ, чунки тинчлик келишувлари ишлайди. Дипломатия ҳеч қачон тимсоҳ ва унинг қурбони ўртасидаги муаммони ҳал қилолмаган», — дейди Ариэл Булштейн.

Шунингдек, Нетаняҳунинг 1974 йилда Исроил ва Сурия ўртасида тузилган ва шу вақтгача амалда бўлган ажратувчи шартномадан чиққани хусусидаги баёноти ҳам Исроилнинг янги Сурия ҳукумати билан музокара олиб бормаслигининг яна бир белгиси сифатида баҳоланди.

Бош вазирнинг жамоаси BBCʼга тушунтиришича, бу баёнот фақат оний вазият – буфер ҳудуддаги қуролли гуруҳлар ҳаракатларига тааллуқли. Улар ҳудудга биринчи бўлиб киргани сабабли Исроил ўша ерга ўз кучларини жойлаштиришга мажбур бўлган.

Бироқ воқеалар аслида ҳам шундайми-йўқми, буниси фақат вақт ўтиши билан аниқ бўлади.

Тарихий тажриба

БМТнинг махсус вакили Гейр Педерсен таъкидлашича, айнан мана шу тарихий бурилиш палласида – Сурия ярим асрлик Асадлар ҳукмронлигидан қутулган пайтда Исроилнинг ҳужумлари мамлакатнинг тез тикланишига тўсқинлик қилиши мумкин. У сешанба куни Исроилдан ҳужумларни тўхтатишни сўради.

Бунга жавобан ЦАҲАЛдаги манба BBCʼга «Ахир биз исёнчиларга зарар етказмадик. Уларнинг позицияларини ҳам нишонга олмадик», дея эътироз билдирди.

Оқ уй эса Исроилнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади. «Исроил ўз хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш бўйича зарур қадамларни амалга оширмоқда. Улар мураккаб минтақада яшайди ва ўзини ҳимоя қилишга ҳақли», — деди миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жон Кирби.

Ислом дунёсида эса кескин танқидлар янгради. Эрон Исроил ва АҚШни «Суриядаги беқарорликдан фойдаланиш»да айблади. Миср, Қатар ва Саудия Арабистони ҳам Исроилнинг ҳаракатларини қоралади. Ар-Риёд бу ҳужумлар Сурия хавфсизликни тиклаш имкониятларини йўққа чиқаришини таъкидлади.

Исроилда эса аксарият сиёсатчилар ва жамият бу ҳужумларни қўллаб-қувватлаб, Суриядаги янги кучлар ўз позициясини амалда исботлаши керак, деб ҳисоблайди. «Янги кучлар тинч йўл билан Сурияни обод қилиш ниятида бўлса, уларда Исроил йўқ қилган қуролларга эҳтиёж бўлмайди», деб қайд этди Ариэл Булштейн.

Ички жамоатчилик қарашларида ҳам бирдамлик кузатилди. Кўпчилик исроилликлар бу Суриядаги ўзгаришлар сабрлироқ ва тинчроқ қўшничилик имкониятини яратади, деб умид қилмоқда.

Мавзуга оид