Жаҳон | 10:00 / 07.10.2024
2960
3 дақиқада ўқилади

7 октябр воқеалари: БМТ бош котиби минтақада тинчликка чақирди

Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми бир йиллиги арафасида Антониу Гутерриш гуруҳни қоралаб, «даҳшатга солувчи зўравонлик ва қон тўкилишини» зудлик билан тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни озод қилишга чақирди.

Фото: William Volcov/ZUMA Press Wire/picture alliance

2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг Исроилга амалга оширган ҳужуми бир йиллиги арафасида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Фаластин гуруҳини қоралади ва «даҳшатга солувчи зўравонлик ва қон тўкилишини» зудлик билан тўхтатишга чақирди. «Шу куни жаҳон ҳамжамияти Ҳамаснинг ҳаракатларини, жумладан, одамларни гаровга олишини кескин қоралаши керак», — деди Гутерриш 6 октябр, якшанбага ўтар кечаси. Шу билан бирга у Ҳамасни Қизил Хоч ишчиларига гаровга олинганлар билан учрашишига рухсат беришга чақирди.

«7 октябрдан бери даҳшатли зўравонлик ва қон тўкишлар тўлқини бўлди, - деди БМТ бош котиби. - Гаровга олинганларни озод қилиш вақти келди. Қуролларни четга қўйиш вақти келди. Азоб-уқубатларга чек қўйиш вақти келди. Бу минтақада тинчлик, халқаро ҳуқуқ ва адолат вақти келди». Гутерриш, шунингдек, Исроил билан ҳарбий можаро «ҳаётларни йўқ қилишда давом этаётгани ва Ғазо секторидаги фаластинликларга, ҳозир эса Ливан халқига чуқур инсоний азоб-уқубатлар келтираётганидан» хавотир билдирди.

Исроил Ливан билан чегарада иккинчи ёпиқ ҳудуд ҳақида маълум қилди

Исроил мудофаа кучлари 6 октябр куни Ливан билан чегарадаги яна учта ҳудудни ёпиқ ҳарбий зона деб эълон қилди. ЦАҲАЛ Telegram-каналида эълон қилинган хабарга кўра, «вазият баҳоланганидан сўнг» минтақага кириш тақиқланган.

Гап Исроил шимолидаги Манара, Ифтаҳ ва Малкия кибуцилари ҳақида бормоқда. 30 центябр куни ЦАҲАЛ Метула, Мисгав Ам ва Кфар Гилади жамоатлари атрофидаги ҳудудларни ҳарбий ҳудуд деб эълон қилди.

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид