Флоридага “Милтон” тўфони етиб келди – сўнгги тафсилотлар
“Милтон” тўфони Флориданинг марказий ғарбий қирғоғида қуруқликка чиқди. Қурбонлар бор. Байден Трампни “Милтон” ҳақида ёлғон тарқатишда айблади.
“Милтон” тўфони Флориданинг марказий ғарбий қирғоғида, Сарасота шаҳри яқинидаги Сиеста-Ки ороли ҳудудида қуруқликка чиқди. Бу ҳақда АҚШ довулларни ўрганиш миллий маркази хабар берди.
Сўнгги соатларда Флориданинг қирғоқ бўйидаги шаҳарларидан океан сатҳининг тез кўтарилаётгани ҳақида хабарлар кела бошлади. “Милтон”нинг таъсир доирасидаги кўплаб аҳоли пунктлари паст қирғоқда жойлашгани сабабли бўрон уларга нафақат кучли шамоллар, балки цунами каби ҳалокатли сув тошқини хавфини ҳам туғдирмоқда.
Флорида губернатори Рон де Сантис жорий вазият бўйича брифинг ўтказиб, “Милтон” қирғоққа чиққанини эълон қилди. У довулнинг асосий зарбасидан олдин штатда камида 19 та торнадо қайд этилганини маълум қилди.
Қурбонлар қайд этилди
Флориданинг шарқий соҳилидаги Сент-Люси округида ҳалок бўлганларнинг жасадлари топилгани маълум қилинди. Бу ҳақда CNN маҳаллий шериф Кит Пирсонга таяниб хабар бермоқда.
“Аниқ рақамни айтмаймиз, аммо шуни таъкидлашим мумкинки, аллақачон бир нечта марҳумнинг жасадини топдик”, — дея унинг сўзларини келтирди телеканал. Шунингдек, шериф минтақадаги юзлаб уйлар “бутунлай вайрон бўлгани”ни айтди.
Флоридада ярим миллион истеъмолчи электр таъминотисиз қолди
“Милтон” Флоридага асосий зарбани бермасдан олдин, унинг атрофидаги кучли шамоллар, торнадо ва жала бутун штат бўйлаб юз минглаб абонентларни электр энергиясидан маҳрум қилди.
PowerOutage.us хизмати хабар беришича, Флорида штатининг турли округларида 500 мингга яқин уй ва компаниялар электр таъминотидан узилган.
Океан қирғоғини сув босмоқда
CNN “Милтон” йўлида Шарлотт-Ҳарбор ҳудудидаги қирғоқни океан тўлқинлари босиб келаётгани акс этган кадрларни намойиш қилди.
Метеорологлар, “Милтон” бироз заифлашганига қарамай, океан соҳилларининг баъзи жойларида одатий ўртача даражадан 4,5 метргача кўтарилиши ва аҳоли пунктларини сув босиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Байден Трамп ва унинг тарафдорини “Милтон” тўфонига ҳукуматнинг муносабати ҳақида ёлғон тарқатишда айблади
АҚШ президенти Жо Байден президентликка номзод Доналд Трампни “Милтон” ва “Ҳелен” тўфонлари муносабати билан кўрилган ҳукумат чора-тадбирлари ҳақида аҳмоқона ва чалкаш маълумотлар, очиқдан очиқ ёлғонлар тарқатишда айблади.
“Бундай ёлғон америкаликларга мутлақо хос эмас, бунга ҳозир ҳам, умуман ҳеч қачон ўрин бўлмаслиги керак” — деди Байден 9 октябр куни “Милтон” тўфонининг Флоридага яқинлашаётгани ҳақидаги матбуот анжуманида.
Байденга кўра, Трамп федерал ҳукумат жабрланганларга ёрдам миқдорини 750 доллар билан чеклангани, маҳаллий ҳокимиятлар “Ҳелен” тўфони таъсирига учраган кўчмас мулкларни эгаллаб олаётгани ва довул оқибатларига қарши курашиш учун ажратилган маблағлар муҳожирларни қабул қилишга сарфланаётгани ҳақида даъво қилмоқда.
Байден Трампнинг кўзга кўринган тарафдори, конгрессмен Маржори Тейлор Гринни ҳам танқид қилди. Грин АҚШ федерал ҳукумати об-ҳавони бошқаради, деган даъвони илгари сурган.
“Об-ҳавони бошқараяпмизми?! Бу ҳатто кулгили ҳам эмас! Шунчалар аҳмоқликки!”, — дея таъкидлади президент.
Айрим таниқли республикачилар, Трамп ва Гриннинг ҳамфикрлари ҳам демократ Байденга сиртдан қўшилди.
“Милтон” биринчи тоифага тушди
Американинг довулларни ўрганиш миллий маркази маълумотларига кўра, ҳозирда “Милтон” маркази Флоридадаги Канаверал бурнидан 105 километр узоқликда жойлашган. Шамолнинг максимал тезлиги 150 км/соатни ташкил этади.
Ҳозир энг кучли ёмғирлар бўрон марказидан шимоли-ғарбда жойлашган Орландо шаҳри ҳудудида ёғмоқда
Тунги соат иккиларда Америка довулларни ўрганиш миллий маркази “Милтон” қуруқликка чиққандан сўнг бироз кучсизланиб, иккинчи тоифага ўтганини эълон қилганди.
Иккинчи тоифадаги довулда доимий шамол тезлиги 154 дан 177 км/соатгача бўлади.
CNN хабар беришича, АҚШ Федерал фавқулодда вазиятлар агентлиги раҳбари Диенн Крисвелл Флорида аҳолисини бошпаналардан чиқишга шошилмасликка чақирди ва тўфон ҳамон ўлим хавфини туғдираётганини таъкидлади.
Крисвеллнинг сўзларига кўра, Флориданинг 70 мингдан ортиқ аҳолиси ҳукумат томонидан ташкил этилган бошпаналарга эвакуация қилинган.
Флориданинг ғарбий соҳилидаги Санкт-Петербург шаҳрида “Милтон” келтирган ноқулай об-ҳаво пайтида 400 миллиметрдан ортиқ ёмғир ёғди. Таққослаш учун Лондонда йилига ўртача 600 миллиметрдан кам ёғин ёғади.
Флорида штатининг кўплаб жойларида, шу жумладан, Санкт-Петербургга қўшни Тампеда тошқин хавфи ҳақида такрорий огоҳлантиришлар берилди.
Мавзуга оид
11:59
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
11:30 / 21.12.2024
Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
19:29 / 20.12.2024
Reuters: Байден администрацияси Украинага охирги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишга тайёрланмоқда
13:43 / 20.12.2024