«Мен ҳеч қандай драмалаштирмасдан айтишим мумкинки, агар сиз аҳоли эвакуация қилиниши лозим бўлган ҳудудларда қолишни танласангиз, ўласиз», — деган Жейн Кастор CNN телекомпанияси эфирида.
Тўфонларни кузатиш миллий маркази (NHC) прогнозларига кўра, «Милтон» маҳаллий вақт билан чоршанба куни кечқурун (Тошкент вақти билан пайшанба кунининг биринчи ярмида) Флорида соҳилларига етиб келиши кутилмоқда.
Штатнинг уч миллиондан ортиқ киши яшовчи марказий ва ғарбий ҳудудлари табиий офат эпимаркази бўлиши кутилмоқда.

Синоптиклар кучли ёмғир ва кучли шамоллар нафақат соҳил ҳудудларда, балки штат ичкарисида ҳам кучли тошқинлар келтириб чиқаришидан огоҳлантирмоқда.
Соҳилда тўлқин баландлиги 3-4 метрга етиши мумкин.
Флоридадаги ахлоқ тузатиш муассасалари департаментига кўра, 4,5 мингдан ортиқ маҳбус «жамоат хавфсизлигига зарар етказмаган ҳолда» табиий офат қамраб олиши кутилаётган ҳудуддан кўчирилган.
Шунингдек, Тампа атрофида жойлашган ҳарбий авиабаза ҳам эвакуация қилинган.

АҚШ ҳукуматининг Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлиги маълум қилишича, жабрланган ҳудудларга етказиб бериш учун 20 млн порция егулик ҳамда 40 млн литр сув тайёрлаб қўйилган.
Агентлик «Милтон» оқибатларини бартараф этиш учун зарур ресурслар максимал даражада тайёрланганини хабар қилган: булар шаҳар ва денгиз қидирув-қутқарув гуруҳлари, тиббиёт бўлинмалари, АҚШ Армия корпусидан вақтинчалик гуруҳлар, муҳандислар ва чиқиндиларни йўқ қилиш бўйича мутахассислар.
«Милтон» тўфони нимаси билан хавфли?

«Милтон» тўфонининг ўзига хослиги шундаки, у бир неча торнадо келтириб чиқариши мумкин, деб огоҳлантирмоқда метеорологлар.



















