Ўзбекистон | 12:44 / 03.12.2021
9256
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни биринчи ўқишда қабул қилди

Видеодан кадр

3 декабрь куни ўз ишини бошлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси илк бор жонли эфирда олиб берилмоқда. Унда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди ва бир овоздан қабул қилди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳужжат билан Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими «коррупцияга оид жиноятлар» деган янги атама билан тўлдирилмоқда. Коррупцияга оид жиноятлар учун айбдор шахсга нисбатан жазо чораларини янада кучайтириш мақсадида Жиноят кодексининг 167- ва 168-моддаларида кўрсатилган жиноятлар мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқейидан фойдаланиб содир этилгани ушбу моддаларнинг оғирроқ қисмига ўтказилиб, мазкур қилмишлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.

Шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, бундай жиноятларни содир этган шахсларга енгиллаштирувчи нормаларни қўллашни чеклаш мақсадида қатор нормаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддаларида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги белгиланмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси кучга кирса пора олиш, пора бериш ва пора олди-бердисида воситачилик қилиш жиноятлари учун жазо 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади. Порахўрлар муддатидан илгари озодликка чиқарилмайди, жазо енгилроғи билан алмаштирилмайди.

Мавзуга оид