Ўзбекистон | 07:40 / 04.12.2021
9648
2 дақиқада ўқилади

Олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади

Президент “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилади.

Белгиланишича, ҳоким ёрдамчилари ва марказлар ходимларининг штат бирликлари мос равишда маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларининг ишга жойлаштириш инспектори, туманлар ва шаҳарлардаги бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ташкил этилади.

Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига уланган, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видео конференция алоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи махсус планшетлар ажратилишини таъминлайди.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров ҳар ҳафтада Республика комиссияси, республика вакиллари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилади; ҳар ҳафтада ҳудудларга чиқиб, маҳаллабай ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишларни жойида ўрганиб боради, ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари фаолиятининг самарали ташкил этилишини таъминлайди.

Мавзуга оид