Жаҳон | 09:40 / 07.10.2024
12263
5 дақиқада ўқилади

Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» пейжерларини портлатиш операцияси тафсилотлари очиқланди

«Моссад» икки йил Ливанда пейжерларни портлатиш учун тайёргарлик кўрди, деб ёзади The Washington Post. Унга кўра, Исроил ушбу қурилмаларнинг «хавфли хусусиятидан» фойдаланган.

Фото: AFP

Исроил разведка хизмати «Моссад» томонидан тайёрланган Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ўртасида пейжерларни оммавий равишда портлатиш операцияси «жосуслик санъати акти» бўлиб, сўнгги пайтларда душман тизимига энг муваффақиятли киришлардан бирига айланди. Бу ҳақда Американинг The Washington Post газетаси 5 октябр, шанба куни Исроил, араб ва Америка хавфсизлик хизматлари вакиллари, сиёсатчилар, дипломатлар, Ливан расмийлари ва «Ҳизбуллоҳ»га яқин одамлардан олинган янги тафсилотларга таяниб ёзди.

Операция ғояси 2022 йилда «Моссад»дан чиққан

Режа 2022 йилда Тел-Авивдаги «Моссад» штаб-квартирасида пайдо бўлган, дейди бу масаладан хабардор Исроил ва Америка расмийлари. У 2023 йил 7 октябрда Ҳамас гуруҳининг Исроилга ҳужум қилишидан бир йилдан кўпроқ вақт олдин, «Ҳизбуллоҳ»қуроллари таҳдидининг кучайиши фонида амалга оширила бошланди.

Режани амалга оширишда бир неча мамлакатлардаги бир гуруҳ оператив ва беихтиёр шериклар иштирок этди ва унинг муваффақиятли амалга оширилиши Исроилни «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ўлдиришга ундади, деб таъкидлайди WP.

«Ҳизбуллоҳ» Исроилда пейжерлар ишлаб чиқарилиши ҳақида билмаган

Тайваннинг Gold Apollo ишлаб чиқарувчисидан AR924 пейжерларини сотиб олиш бўйича дастлабки таклиф «Ҳизбуллоҳ» томонидан икки йил олдин олинган. Сув ўтказмайдиган пейжерлар кабел орқали зарядланган ва қайта зарядланмасдан бир неча ой ишлаши мумкин эди. Ливан гуруҳига уларни жангчилар ишонган Яқин Шарқдаги Тайван компаниясининг савдо вакили сотиб олишни таклиф қилган, дея қайд этади нашр.

Шу билан бирга, пейжерларнинг ҳақиқий ишлаб чиқарилиши аутсорсингга берилган ва Gold Apollo савдо вакили қурилмалар «Моссад» назорати остида Исроилда жисмонан йиғилганидан бехабар бўлган, дейди суриштирув муаллифлари.

Портловчи моддани аниқлашнинг имкони бўлмаган

WP манбаларига кўра, пейжерларнинг аккумулятор блокида оз миқдорда кучли портловчи моддалар эҳтиёткорлик билан яширинган бўлиб, «Ҳизбуллоҳ» уларни на қурилмаларни қисмларга ажратиш, на рентген нурлари орқали аниқлай олмаган. Бундан ташқари, жангчилар «Моссад»нинг бу қурилмаларга масофадан уланиш имкони борлигидан бехабар эди. Улар Исроил разведка хизматлари томонидан кузатилиши хавфи йўқлигига ишончи комил бўлган.

«Ҳизбуллоҳ» етакчилари 5 мингта пейжер сотиб олиб, уларни 2024 йил феврал ойида ўрта бўғин аъзолари ва ёрдамчи ходимларга тарқата бошлаган.

Пейжерларнинг «хавфли хусусияти»

Операцияни амалга ошириш учун «Моссад» ушбу қурилмаларнинг «хавфли хусусияти»дан — икки босқичли шифрни очиш процедурасидан фойдаланган, унинг давомида шифрланган хабарларни очиш учун иккита тугмани бир вақтнинг ўзида босиш керак, дея қайд этади нашр. Бу хусусият айни дамда кўпчилик фойдаланувчилар пейжерни икки қўли билан ушлаб туришини ва шу тариқа икки қўлидан жароҳат олишини ва бошқа жанг қила олмаслигини таъминлайди, деди суҳбатдошлардан бири газетага.

Исроилда сайланган амалдорларнинг аксарияти 12 сентябргача «Моссад» режасидан бехабар эди. Ўша куни бош вазир Бинямин Нетаняҳу маслаҳатчилар билан учрашиб, «Ҳизбуллоҳ»га қарши эҳтимолий ҳаракатларни муҳокама қилди ва қизғин муҳокамалардан сўнг Ливан гуруҳи ва унинг тарафдори Эроннинг кескин жавоби хавфига қарамай, операцияни маъқуллади.

Исроил, АҚШ ва Яқин Шарқ расмийларига кўра, 17 сентябр куни пейжер портлашлари натижасида 3000 га яқин «Ҳизбуллоҳ»жангчиси ҳалок бўлган ёки яраланган.

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид