Россиянинг яна бир ҳудудида мигрантларга такси ва автобусда ишлаш тақиқланди
Россиянинг Тюмен областида 2022 йилдан бошлаб такси ва автобусларда муҳожирларни ишга қабул қилиш тақиқланади. Бу ҳақда област губернатори Александр Моор чиқарган қарорда айтилган.
Унга кўра, транспорт хизматини кўрсатувчи компаниялар янги йил бошидан патент асосида Россия ҳудудида ишлаётган меҳнат муҳожирларини ишга олмайди. Келаси йилдан Тюменда қуйидаги соҳаларда мигрантлар ишлаши тақиқланади:
- Шаҳар ва шаҳар ташқарисига йўловчи ташувчи транспорт йўналишлари;
- Такси хизмати;
- Автомобилда юк ташиш, маҳсулотларни автомобилда етказиб бериш хизматларида.
Юқорида кўрсатилган соҳаларда айни дамда ишлаётган мигрантлар тақдири нима бўлиши айтилмаган, аммо улар келаси йил 1 мартига қадар ишдан бўшатилиши мумкин.
Тюмен Россиянинг жамоат транспортида мигрантлар ишлаши тақиқланган иккинчи ҳудудига айланди. Бунгача ҳудудий жиҳатдан айнан Тюмен области таркибига кирувчи Ханта-Мансийск автоном округида ҳам муҳожирларнинг жамоат транспортида ишлаши тақиқланган эди. Бу округда мигрантлар келаси йилдан алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотилувчи дўконларда ҳам ишлай олмайди.
Россияда муҳожирларнинг турли соҳаларда сонини камайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, мамлакат пойтахти Москвада қурилиш соҳасида муҳожирлар меҳнатидан умуман фойдаланмаслик бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, меҳнат муҳожирлари учун махсус ID карта ва улар қаерда эканини кўрсатувчи мобил илова ишлаб чиқиш таклиф қилинганди.
Маълумот учун, Россияда 10 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожирлари борлиги айтилади. Улар орасида энг кўпи ўзбекистонликлар ҳисобланади. Биргина 2021 йил 3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Россияга ишлагани борган.
Мавзуга оид
23:32
ОАВ: 2024 йилда Украинадаги урушда 20 мингдан зиёд россиялик ҳарбий ҳалок бўлди
17:48
Россиядаги мигрантларнинг фарзандлари учун рус тили тести бепул бўлади
12:35
Россияда YouTube «секинлашиши» Путиннинг жонли мулоқоти билан боғланди
23:27 / 19.12.2024