Ўзбекистон | 16:50 / 11.10.2024
5539
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек компанияси Афғонистоннинг энергетика секторига 1 млрд доллар сармоя киритади

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган компания Афғонистон энергетика секторига инвестиция киритади. Шартнома 10 йилга мўлжалланган. Дастлабки йилда 100 млн доллар, келишув муддати давомида эса умумий инвестиция миқдори қарийб 1 млрд долларга етиши мумкин.

Фото: TOLOnews

Ўзбекистон компанияси келгуси ўн йил ичида Афғонистоннинг энергетика секторига қарийб 1 миллиард доллар сармоя киритмоқчи. Бу ҳақда TOLOnews хабар берди.

10 октябр куни Афғонистон Кон ва нефт вазирлиги ўзбек компанияси (компания номи тилга олинмаган) билан Афғонистон шимолида жойлашган Жаузжон вилоятидаги Тути-Майдан газ конида газ қидирувини амалга ошириш ва қазиб олиш бўйича шартнома имзолади. Битим «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси Баҳодиржон Сиддиқов иштирокида расмийлаштирилган.

10 йилга мўлжалланган шартномага асосан, ўзбек инвестори биринчи йилида 100 млн доллар сармоя киритиши, келишув муддати давомида умумий инвестиция миқдори қарийб 1 млрд долларга етиши айтиляпти. Дастлабки икки йилда Ўзбекистон компанияси Тути-Майдан конидан қазиб олинган газ ҳисобидан 100 MW электр энергияси ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Афғонистон кон ва нефт вазири Ҳидоятуллоҳ Бадри лойиҳанинг муҳимлигини таъкидлаб, Тути-Майдандаги газ захиралари тахминан 7 минг квадрат километр майдонни эгаллашини маълум қилди. Ташаббус мамлакатнинг энергия эҳтиёжларини сезиларли даражада қондириши, миллий даромадни ошириши ва янги иш ўринлари яратиши кутиляпти.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Афғонистоннинг иқтисодий аҳволини яхшилаш ва ишсизлик даражасини пасайтиришда бундай лойиҳалар муҳимлигини таъкидлади.

«Биз миллионлаб афғонларга иш ўринлари яратиш учун Афғонистоннинг иқтисодий салоҳиятини очмоқчимиз. Мақсадимиз мамлакатнинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлаш ва аҳолисининг ҳаёт сифатини оширишдир», - деди Эргашев.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг нефт ва газ секторида хизмат кўрсатувчи Eriell Group компанияси Афғонистоннинг нефт конларини ўрганишга қизиқиш билдираётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид