Фан-техника | 09:55 / 13.11.2022
57887
6 дақиқада ўқилади

Букланадиган iPhone, энг харидоргир автомобиллар ва ёмон туш кўраётганда уйғотувчи ақлли соат — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Дунё бўйлаб энг кўп сотилган автомобиллар

Focus2move таҳлилчилари дунёнинг 162та мамлакатидан олинган маълумотларни ўрганиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг ўтган даврида энг кўп сотилган автомобиль моделларини эълон қилишди.

2022 йилда энг кўп сотилган автомобиллар рейтингида биринчи ўринни Toyota Corolla седани эгаллади. Статистикага кўра, жорий йилда 840 000 дона Toyota Corolla сотилган. Иккинчи ўринга Toyota RAМ4 кроссовери жойлашган бўлиб, 2022 йилда 654 000 дона ушбу русумдаги автомобиль сотилган. АҚШда бестселлерга айланган Ford F-Series пикапи учинчи ўриндан жой олган.

Фото: Toyota

Топ-10 талик қуйидагича:

1.Toyota Corolla седани

2.Toyota RAV4 кроссовери

3.Ford F-Series пикапи

4.Tesla Model Y кроссовери

5.Tesla Model 3

6.Toyota Camry

7.Honda CR-V

8.Chevrolet Silverado

9.RAM пикапи

10.Toyota Hilux ва Hyundai Tucson

Ноёб смарт-соат

Garmin компанияси смарт-соатлари қаторини Instinct Crossover модели билан кенгайтирди. Гаджет анъанавий соатга ўхшайди, лекин спорт ёки саёҳат билан боғлиқ кўплаб ақлли функцияларга эга. 

Соатнинг энг муҳим хусусияти қуёш панели бўлиб, оддий режимда 70 кунгача ва энергияни тежаш режимида «чексиз» автоном ишлашни таъминлайди. 

Шунингдек, унда 10 ATM намликдан ҳимоя, GPS, контактсиз тўлов учун NFC ва юрак уриш тезлиги сенсори бор. Анъанавий механик стрелкалар остида билдиришномалар, саломатлик ва фаоллик ҳақидаги маълумотлар учун монохром дисплей мавжуд. 

Garmin Instinct Crossover нархи 550 долларга тенг. Шунингдек, унинг 600 долларлик Tactical Edition модели ҳам бўлиб, у тунги кўриш кўзойнаклари билан боғлана олади ва барча маълумотларни фавқулодда ўчириш функциясига эга. 

Ёмон туш кўраётганда уйғотувчи ақлли соат

Фото: Apple

Аpple компанияси Apple Watch ақлли соатлари учун NightWare иловаси ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. У травмадан кейинги стрессдан азоб чекаётганларга ёрдам бериш учун мўлжалланган.

Компания иловани яратишда уруш фахрийсининг 20 йиллик тажрибасидан фойдаланган. Ветераннинг сўзларига кўра, вақт ўтиши билан уруш билан боғлиқ қўрқинчли тушлар у учун тобора “жонли” ва реал бўлиб қолган. Касаллик авжига чиққанда эса уч ой ухлай олмаган.

NightWare акселерометр, гироскоп ва юрак уриши тезлиги сенсори ёрдамида одамнинг даҳшатли туш кўраётганини аниқлайди. Ақлли соат инсон ёмон туш кўришни бошлаши билан тебраниш сигналлари билан уни уйғотишга уринади.

Ҳозиргача АҚШда 400 нафар беморга NightWare’дан фойдаланиш тавсия этилган, уларнинг 98 фоизи ҳарбий хизматчилар ёки уруш фахрийларидир. Тадқиқот иштирокчиларининг 50 фоизи дастурий таъминотдан фойдаланиш уйқу сифатини сезиларли даражада яхшилаганини таъкидлашган.  

Дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплей

Фото: LG Electronics

LG компанияси бугунги кундаги энг ноодатий дисплейни тақдим этди: уни ҳеч қандай зарарсиз букиш, чўзиш ва ғижимлаш мумкин. Бунда, 12 дюймли дисплей ўлчами 14 дюймгача узаяди. 

Технология асосида кремнийдан ясалган эластик таглик ётади. У контакт линзалар материалига ўхшаб кетади ва 40 мкм ўлчамли митти ёруғлик диодларига ва 100 ppi пиксел зичликка эга. Шу сабабли у исталган шаклни олиши мумкин.

Компания 2024 йилгача дисплейни оммавий ишлаб чиқаришни бошламоқчи. Бундай дисплейлардан нафақат букилувчан смартфонларда, балки бошқа соҳаларда ҳам фойдаланиш, масалан, кийим-кечак, мебел ёки автомобил кузови панелларига ўрнатиш мумкин.

Дунёдаги энг қиммат брендлар

Фото: Reuters

Interbrand дунёдаги энг қиммат брендларнинг анъанавий рейтингини эълон қилди. Apple кетма-кет ўнинчи марта ушбу рўйхатда биринчи ўринни эгаллади. Компания қиймати 482,2 миллиард долларга баҳоланган. 

Иккинчи ўринни Microsoft эгаллаган. Ушбу бренд қиймати 278,2 млрд долларга баҳоланган. Жорий йилда компания баҳоси 32 фоизга ошган. 

Учинчи ўринда Amazon бренди қайд этилган. У 274,8 млрд долларга баҳоланган. Бренд жорий йилда 10 фоизга қимматлаган.

Шунингдек, рейтингнинг етакчи ўнталигидан Google (251,7 млрд доллар), Samsung (87,6 млрд доллар), Тoyota (59,7 млрд доллар), Соса-Соlа (57,5 млрд доллар), Mercedes-Benz (56 млрд доллар), Disney (50,3 млрд доллар) ва Nike (50,2 млрд доллар) брендлари жой олган.

Букланадиган iPhone

Фото: macobserver

Хитойлик ютубер эса iPhone’да букланиш функциясини синаб кўрди. Унинг айтишича, керакли бутловчи қисмларни йиғиш учун ўнлаб iPhoneХ’ларни демонтаж қилиш ва бошқа маркадаги телефонлардан қўшимча қисмлар олишга тўғри келган. Ва бу жараён 200 кун давом этган.

Прототипнинг экрани имкон қадар кўпроқ функционалликни сақлаб қолган ҳолда эгилиш учун етарлича мослашувчан қилиб ясашга эришилган.

Прототипга iPhone қувватининг учдан бирига эга бўлган 1000 мА/соат қувватга эга батарея жойлаштирилган. Смартфондаги сенсор тизими ҳам яхши ишланган. Бироқ экран қайта-қайта букланиш стрессига бардош бера олмагани сабаб фойдаланиш бошлангандан кейин бир неча кун ичида ишдан чиққан.

Дрон таксилар

Фото: Volocopter

Германиянинг Volocopter компанияси ўзининг илк дрон таксисини муваффақиятли синовдан ўтказди. Парвоз Париж яқинидаги Cormeilles en-Vexin’даги Pontoise ҳаво йўлида анъанавий тирбандлик бошланган вақтда ўтказилган.

2 нафар йўловчини ташишга мослашган такси, осмонда тўлиқ автоматлаштирилган тарзда ҳаракатланади. Уни ҳайдовчи бошқармайди.

Парвоз тестида қатнашган Паул Стоненинг айтишича, дрон таксида 8та паррак бўлгани ва рақамли учиш тизими борлиги учун уни бошқариш ва ҳаракатланиш оддий вертолётдан анча осон. 

Volocopter учар таксилар учун сертификат олишга ҳаракат қилаётган ягона компания эмас. Унинг ўзининг учар таксиларини яратаётган Lilium, Joby Aviation ва Airbus каби рақобатчилари бор ва улар бозорга ким биринчи кириши бўйича пойгага киришишган.

Мавзуга оид