Шавкат Мирзиёев газ қазиб олишни ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди
“Ўзбекнефтгаз” раиси президентга жорий йилда бажарилган ишлар ҳамда 2025 йилги вазифалар тўғрисида ахборот берди. Таъкидланишича, айрим конлар фойдаланиш муддатини деярли ўтаб бўлган, яна баъзиларининг самарадорлиги паст.
Шавкат Мирзиёев 19 декабр куни газ қазиб олишнинг жорий ҳолати ва уни янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раиси жорий йилда бажарилган ишлар ҳамда 2025 йилги устувор вазифалар тўғрисида ахборот берди.
Қайд этилишича, соҳада хорижий компаниялар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Улар иштирокида келаси йил газ қазиб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш лойиҳалари шакллантирилган. Хусусан, замонавий технологиялар жалб қилиниб, янги эксплуатация қудуқлари бурғиланади ҳамда эскилари таъмирланади.
«Тармоқдаги асосий муаммо геология-қидирув ишларига узоқ йиллар етарлича эътибор қаратилмаганидир. Оқибатда айрим конлар фойдаланиш муддатини деярли ўтаб бўлган, яна баъзиларининг самарадорлиги паст. Шунинг учун замонавий технология олиб келиниб, 15 та янги истиқболли майдонда геология-қидирув ишлари бошланади. Сейсмик қидирув ҳудуди 6,5 минг квадрат километрга кенгайтирилади», — дейилади хабарда.
Мутасаддиларга йирик хорижий компаниялар ва экспертларни жалб этган ҳолда, геологияни ривожлантириш ва янги конларни ўзлаштириш бўйича 2025 йил учун дастур ишлаб чиқиш топширилди.
«Ўзбекнефтгаз»да трансформацияни давом эттириб, таннархни камайтириш, халқаро кредит рейтингини яхшилаш вазифа қилиб олинган. Жумладан, келгуси йилда ишлаб чиқариш ва геология-қидирув лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро манбалардан маблағ жалб қилиниши мўлжалланган.
Давлат раҳбари соҳада инвестициялар, янги технологиялар билан бирга кадрлар масаласи муҳим эканини таъкидлади. Ўқитиш сифатини ошириб, замонавий мутахассислар тайёрлаш, чет элда ишлаётган малакали ватандошларни таклиф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мавзуга оид
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:29 / 22.12.2024
Самарқандда табиий газ ва электрдан қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ходимлар ушланди
21:19 / 21.12.2024
Тадбиркор президентдан шахсга доир ва банк маълумотларини Cloud'да сақлашга рухсат беришни сўради
20:49 / 21.12.2024