Сурия лагерларидан фуқароларни қайтаришда Марказий Осиё давлатлари етакчилик қилмоқда
Таъкидланишича, Европа давлатлари Суриядаги лагерларда қолган фуқаролари учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган, уларни амалда «ташлаб қўйган».
Марказий Осиё давлатлари, Европа давлатларидан фарқли ўлароқ, Сурия шимоли-шарқидаги лагерлардан ўз фуқароларини қайтариш (репатриация) бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Бу ҳақда Радикаллашувга қарши глобал ҳамжамият чидамлилик жамғармаси (GCERF) раҳбари Холид Қусир маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари 2200 нафарга яқин ўз фуқароларини қайтаришга муваффақ бўлган: Қозоғистон – 754, Қирғизистон – 533, Ўзбекистон 531 ва Тожикистон 381.
Қусирнинг таъкидлашича, Европа давлатлари лагерларда қолган фуқаролари учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган, уларни амалда «ташлаб қўйган».
«Масалан, агар Белгияни Тожикистон билан солиштирсангиз, Тожикистонда «булар бизнинг фуқароларимиз, биз улар олдида жавобгармиз» дейишади. Ғарбий Европа эса бу муаммо ўз-ўзидан йўқолиши, фуқаролар лагерларда ўлиб кетишидан умид қилмоқда. Бунга кўз юмишнинг ўзи кифоя, деб ҳисобламоқда», деб тушунтирди Қусир.
Унинг сўзларига кўра, GCERF Марказий Осиё мамлакатлари билан Сурия шимоли-шарқидаги лагерлардан репатриация бўйича ишлаган тажрибаси шуни кўрсатдики, баъзи нарсаларни ҳали ҳам яхшилаш мумкин, чунки репатриация қилинган баъзи аёллар ва болалар яна Сурияга қайтиб келган.
«Аммо яна, биз асосан аёллар ва болалар ҳақида гапирамиз. Энди эркакларга келсак, жанг қилган, террорчи бўлган, ҳеч ким ишга олмайдиган одамларни ватанига қандай қайтарамиз? Уларнинг аксарияти қамоққа тушади, бу эса қамоқхона дунёсида радикаллашувга олиб келади», деб қўшимча қилди Қусир.
Суриянинг шимоли-шарқида - Сурия демократик кучларининг (SDF) араб-курд отрядлари ва АҚШ назорати остидаги ҳудудда турли манбаларга кўра, 65 мингдан 70 минггача қочқин яшайдиган лагерлар мавжуд. У ерда асосан ИШИД террорчилик ташкилоти жангарилари оиласидаги аёллар ва болалар сақланмоқда. Лагерлар аҳолиси орасида сурияликлардан ташқари бошқа давлат фуқаролари ҳам бор. Курд жангчилари қочқинларнинг бу лагерларни тарк этишига рухсат бермайди, аммо улар расман қамоқхона ҳисобланмайди.
Мавзуга оид
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
13:56 / 22.12.2024
АҚШ энди ал-Жўланийнинг боши учун мукофот таклиф қилмаяпти
12:58 / 22.12.2024