Ўзбекистон | 09:02 / 15.02.2020
16045
3 дақиқада ўқилади

Хорижий шифокор қабулига боришда нимани билиш лозим?

 Тиббиёт муассасаларида хорижий шифокорларнинг бепул қабул ўтказиши, турли акциялар доирасида беморларни бепул даволаши ҳақидаги эълонлар тез-тез учраб туради. Ўз-ўзидан, чет эллик мутахассиснинг малакаси, консультациянинг ишончлилиги ҳақида савол пайдо бўлади.

Фото: Shutterstock

Чет эллик шифокорлар томонидан ўтказиладиган бепул консультация ва кўриклар, даволаш амалиётларига боришда фуқаролар бир неча жиҳатларга эътибор қаратиши лозим.

Хорижий тиббиёт мутахассисларининг Ўзбекистонга келиб, беморлар қабули ва кўрикларини ўтказиш фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжат йўқ. Аммо малака ошириш, тажриба алмашиш, беморларни даволаш учун чет эллик шифокорларни таклиф қилиш амалиёти ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланади. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий фаолиятни лицензиялаш талаб ва шартлари асосида бу борада тартиб ўрнатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқуловнинг маълумот беришича, давлат ёки хусусий тиббиёт муассасаси хорижий мутахассисни таклиф қилишдан аввал вазирликка айрим маълумотларни тақдим этиши лозим.

Жумладан, мутахассис қайси давлатдан экани, Ўзбекистондаги қайси муассасага келаётгани, мутахассиснинг тиббий ихтисослиги ва малакасини тасдиқловчи тегишли ҳужжат нусхалари ҳамда ушбу муассасада бўлиш муддатини кўрсатувчи мурожаат йўлланиши керак.

Ўз навбатида, вазирлик мазкур ташрифни қайд этиб, хорижлик мутахассисни қабул қилаётган тиббиёт ташкилотининг фаолият йўналишлари келаётган мутахассис ихтисослигига мос бўлса, тиббий кўрик ёки муолажаларни ўтказишга қарши эмаслигини ёзма равишда билдиради.

Чет эл мутахассисининг ихтисослиги тиббиёт муассасасининг йўналишига мос келиши керак. Яъни фақат кардиологияга ихтисослашган шифохона ўз фаолият йўналишидан ташқари бўлган онколог ёки офтальмолог шифокори билан тиббий кўрик ўтказа олмайди.

Агар хориж мутахассиси ва шифохонанинг ихтисослик йўналишлари мос келмаса, шифокорнинг бу муассасада консультация ўтказишига рухсат берилмайди.

Шу билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий консультацияни ташкил этаётган муассасага хорижий мутахассиснинг кўригидан ўтган беморлар учун ушбу муассаса асосий жавобгар эканлигини маълум қилади.

«Кўрикдан ўтган беморларга уларнинг тиббий кўрсатмаларига қараб Ўзбекистонда жойлашган шифохоналарда даволанишлари юзасидан маслаҳат берилиши тавсия қилинади», − дейди Фарҳод Раҳимқулов.

Хорижий мутахассис кўригига бораётган фуқаролар уни ташкил этаётган муассаса раҳбарларидан тиббий фаолиятнинг тегишли йўналишлари бўйича лицензиясини, ушбу кўрик Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилганлиги, хорижий шифокорнинг малакаси, бу ерда олган тиббий хизмат ва тавсиялар натижаси бўйича қайси ташкилот масъул эканлигини сўраб-суришитириш ва зарурат бўлганда талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар санаб ўтилган ҳужжатларда номувофиқликлар кузатилса, Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиш мумкин.

Мавзуга оид