Жаҳон | 18:28 / 06.10.2024
6041
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо шимолида амалиёт бошлади

Исроил мудофаа армияси ўз ҳарбийлари Ғазо шимолидаги Жабалия туманини ўраб олгани ҳақида маълум қилди. Разведка маълумотлари Ҳамас «мазкур ҳудудда оператив салоҳияти»ни тиклай бошлаганини кўрсатгани айтилган. Ҳамас назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги сектор марказий қисмига зарбалар оқибатида 26 киши ҳалок бўлганини хабар қилган.

Фото: Getty Images

6 октябр, якшанба куни тонгда ЦАҲАЛ эълон қилга баёнотда айтилишича, «Ҳамас Ғазо шимолидаги Жабалия тумани ҳудудида ўз оператив салоҳиятини тиклашни бошлагани» туфайли 162-дивизия якшанбага ўтар кечаси бу ерда амалиёт бошлаган.

Исроил мудофаа армиясининг иккита бригадаси мазкур ҳудудни қуршаб олган ва айни вақтда у ерда ҳаракатланишда давом этмоқда, дейилган баёнотда. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари амалиётнинг «бошидан охирига қадар» ўз ҳарбийларига ёрдам кўрсатиш учун «ўнлаб ҳарбий объектлар»га зарбалар йўллагани айтилган.

«Зарба берилган нишонлар орасида қурол омборлари, ерости инфратузилма объектлари, террорчилик ҳужралари в бошқа ҳарбий инфратузилма объектлари бор», — дейилган ЦАҲАЛ хабарида.

Исроил ҳарбийлари Ғазо шимоли «ҳамон хавфли ҳарбий ҳаракатлар ҳудуди ҳисобланиши»ни маълум қилиб, якшанба куни шимолда эҳтимолий эвакуация ҳудудлари кўрсатилган янги харитани намойиш этган.

Шунингдек, ЦАҲАЛ Ғазо жанубидаги Ал-Мавасий гуманитар зонаси кенгайтирилганини маълум қилган. Фаластинлик амалдорлар ва БМТ вакиллари эса анклавдаги бирор жой, жумладан, гуманитар ҳудудлар ҳам хавфсиз эмаслигини айтишмоқда, дея хабар қилади Reuters агентлиги.

Мактаб ва масжидга зарба

Ҳамас томонидан назорат қилинадиган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, исроилликлар Ғазонинг марказий қисмида кўчирилган фаластинликлар жойлаштирилган масжид ва мактабга йўллаган авиазарба оқибатида 26 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Идора маълумотига кўра, якшанба куни тонгида Ибн Рушд номидаги мактаб ҳамда Дайр-ал-Балаҳадаги Ал-Ақсо шаҳидлари масжидига йўлланган авиазарбалар оқибатида яна ўнлаб кишилар яраланганини маълум қилган.

Исроиллик ҳарбийлар зарбалар нишони ушбу икки бинодан «қўмондонлик ва назорат марказлари» сифатида фойдаланган Ҳамас жангарилари бўлганини билдирган. Ҳамас эса мактаб, шифохона ва масжид каби фуқаролик объектларидан ҳарбий мақсадларда фойдалангани ҳақидаги бу айбловни рад этган.

Масжид ҳудудида олинган ва BBC томонидан текширилган видеоёзувларда харобалар орасида жасадлар ётгани ва қон акс этган, мактабдаги кадрларда — ёнаётган бино ҳамда замбил кўтарган кишиларни кўриш мумкин.

Исроилнинг Ғазо бўйлаб зарбалари Ҳамаснинг Исроилга ҳужумига бир йил тўлиши арафасида йўлланди. Ўшанда фаластинликлар гуруҳи аъзолари 1200 га яқин кишини ўлдириб, 251 кишини гаровга олганди.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил армияси секторда олиб борган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони қарийб 42 минг кишига етган.

Мавзуга оид