Жаҳон | 11:13 / 11.10.2024
12403
2 дақиқада ўқилади

Туркия “Марказий Осиё” атамасини “Туркистон”га ўзгартиради

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзгартиришларни қўллаб-қувватлади.

Туркия Миллий таълим вазирлиги тарих фани ўқув дастурига фундаментал ўзгартиришлар киритилишини эълон қилди. Янги ёндашувга кўра, “Марказий Осиё” атамаси “Туркистон” билан алмаштирилади, деб хабар бермоқда TRT Ҳабер.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу қарор келажак авлодлар ўртасида миллий ўзликни англаш ва ватанпарварликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзгартиришларни қўллаб-қувватлади.

“Келгуси даврни турклар даври қилиш учун елкама-елка ишлаймиз, туркийлар асри ҳақидаги тасаввуримизни Туркий давлатлар ташкилотига татбиқ қилиб, уни амалга оширамиз”, — деди Эрдўған.

“Туркистон” атамасининг тарихий аҳамияти турк профессорлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Профессор Аҳмад Тошагил терминнинг тарихий маъносига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, “турклар ватани” маъносини англатувчи бу сўз тарихнинг илк даврларидан бошлаб қўллаб келинган.

“Турклар ватани” маъносини англатувчи Туркистон сўзидан тарихнинг энг бошланғич даврларидан бери фойдаланиб келинган. XIX асрнинг иккинчи ярмида руслар босқини оқибатида Туркистон номи ўрнига Марказий Осиё тушунчаси кириб келди ва оммалашди”, — деди у.

“Туркистон концепциясига мурожаат қилиш ва уни Миллий таълим вазирлиги томонидан дарсликларга киритиш жуда тўғри қарор. Туркия ҳам, Туркистон ҳам асосан турклар яшайдиган ҳудудни англатади”, — дея қўшимча қилди доцент Рамин Содиқ.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўзгариш туркий дунёдаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли стратегиянинг бир қисми саналади. Ушбу стратегия умумий тарих, адабиёт, хариталар ва алифбо яратишни ўз ичига олади.

Мавзуга оид