Жамият | 19:32 / 10.10.2024
39226
3 дақиқада ўқилади

Жонли эфирда «хотини қиз туғса, чиқиндига ташлаб юбориши»ни айтган тиктокерга жиноят иши қўзғатилди

У кўзда ёш билан тиз чўкиб барчадан кечирим сўраган.

Фото: Видеодан кадр

«Sardor gangster» тахаллуси остида видеолар чиқариб келган тиктокер Сардор Сафарбоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon дастурида хабар берилган.

Ижтимоий тармоқларда у қиз фарзанд кўрмаслигини, хотини қиз фарзанд туғса, чиқиндига ташлашини айтган видео тарқалган.

«Мен қиз фарзанд кўрмайман. Агар қиз фарзанд кўрсам, олдириб ташлайман. Қиз керакмас. Хотин туққанидан шундай бораман, қизми, чиқинди идишга отиб юбор, дейман. Керакмас. Мен дўзахга кирсам ҳам ўғил фарзанд туғдираман. Мени зурриётим ўғил бўлиши керак», – деган у видеосида.

Унинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда резонанс келтириб чиқарди ва унга жавоб тариқасида ўнлаб, хусусан, шоу-бизнес олами вакиллари томонидан видеомурожаатлар йўлланган.

Кўп ўтмай тиктокер бу гапларни жонли эфир вақтида «қизингиз тиктокер бўлишига қандай қарайсиз?» деб берилган саволга жавобан ҳиссиётга берилиб айтиб юборгани, бу гаплари [контекстдан] қирқиб олиб тарқатилганини айтган ва жамоатчиликдан тиз чўкиб узр сўраган. У агар одамлар шуни истаса, бундан буён ижтимоий тармоқларга кирмаслигини ҳам таъкидлаган. Унинг дўсти ҳам уни кечиришга чақириб, у тавбасига таянгани, бу воқеадан кейин онаси Сардор билан гаплашмай қўйганини айтади.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот котиби Ирода Расулова Сардор Сафарбоев хотин-қизлар қадр-қимматини беодоблик билан таҳқирлаганини қайд этган.

«Тармоқларда ҳар ким истаган фикрини гапиради, дегани эмас. Улардан фойдаланишнинг тартиб, қоидалари бор. Қоидаларни бузган фуқаролар қонуний тартибда жазоланади. Шуни унутманг, хотин-қизлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида», – дейди у.

Ҳолат юзасидан блогерга нисбатан Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзгатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу моддага кўра, БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда (75 млн сўмдан 150 млн сўмгача) жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазо кўзда тутилган.

Сардор Сафарбоев 2024 йилнинг февралида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, 10 суткага қамалганди.

Мавзуга оид