19:15 / 20.02.2017
80733

Узоқ кутилган «Душанбе — Тошкент» рейси амалга ошмади. Сабаб?

Бугун, 20 февраль куни Тожикистон пойтахти Душанбедан Тошкентга келиши кутилган йўловчи самолёти келмади. 

Somon Air авиакомпанияси маълумотига кўра, рейс бекор қилинган. Компанияда айтилишича, 25 йил ичидаги биринчи мунтазам рейс бўлиши кутилаётган бу рейс орқали 26 нафар йўловчи Ўзбекистонга келиши керак эди. Рейс бекор қилингач, чипталар учун тўланган маблағлар йўловчиларга қайтарилган, баъзилари бошқа йўналиш учун алмаштириб берилган.

«Кун» таҳририяти «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг матбуот хизмати раҳбарига шу масала юзасидан маълумот олиш учун мурожаат қилди.

Унинг айтишича, Somon Air томони рейс амалга оширилиши учун тегишли расмиятчилик ишларини бажармаган, зарур ҳужжатлар жўнатилмаган.

У Тошкент аэропорти Душанбедан рейсни қабул қилишга тайёр эмаслиги ҳақидаги тахминларни инкор қилган. Айрим нашрларда шу мавзуда айтилганидек, Ўзбекистон томони бу рейсни асоссиз равишда «тақиқлаб» қўймаган. Бундан аввалги хабарларда Тожикистон авиакомпаниясидаги манбага асосланган ҳолда Тошкент аэропорти бу рейсни қабул қилишдан бош тортгани айтилганди.

Хусусан, Somon Air раҳбарияти бундай сўзлар тарқалгани учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан узр сўраган.

Яқин вақт ичида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати бу борада расмий изоҳ беради.

Эслатиб ўтамиз, 10 февраль куни Душанбедан Тошкентга синов рейси амалга оширилганди. Бу рейс орқали Тошкентга Тожикистон авиация тизими делегацияси ва журналистлар келганди. Ўшанда 20 февралдан бошлаб мунтазам қатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилган.

Маълумот учун, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар 1993 йилда, қўшни давлатда юзага келган нотинч вазият туфайли тўхтатилган эди.

Ўтган вақт мобайнида 2 марта парвозларни қайта йўлга қўйишга келишилган, аммо бу келишувлар амалга ошмаганди.

Top