Жамият | 16:45 / 09.09.2023
46952
9 дақиқада ўқилади

Беларуснинг ўзбек қаҳрамони – Казбек жанг қилган ҳудудлардан репортаж

Осиё арслони, собиқ иттифоқ қаҳрамони Мамадали Топволдиев Беларуснинг Могилёв вилоятида Иккинчи жаҳон уруши даврида СССР учун мисли кўрилмаган ишлар қилган. Ҳатто фашизм устидан қилинган ғалабада ҳам унинг ҳиссаси катта. Казбек лақаби остида жанг қилиб, ҳатто Ҳитлерни саросимага солган енгилмас ўзбек аскарини хотирлаб, Kun.uz мухбири олис Могилёв вилоятига борди.

Минск–Могилёв орасидаги масофа 170-180 чақирим. Эрта тонгдан йўлга чиқмасак, кун бўйи репортаж олиб, пойтахтга қайтиб келишга кеч қоламиз. Аввалига Минск темирйўл вокзалидан Могилёвга борадиган поездларни суриштирдик. Афсуски, эрталабки қатновга кеч қолибмиз. Тушдан кейинги рейс эса бизга жуда кечлик қилади.

Минск темир йўл вокзали

Вокзал билан ёнма-ён жойлашган автошоҳбекатга борсак, у ерда ҳам манзилимизга элтувчи транспортларга кеч қолганимиз, кейингисини 1-2 соат кутишимизга тўғри келишини айтишди. Кута олмаймиз. Беларусга келиб шуни билдикки, бу ерда транспортлар қатнови билан муаммолар анча кўп экан.

Минск автошоҳбекати

Қаршимизда маршрутлар бекати кўринди. Хайрият-е! Могилёвга кетишга шай бўлиб, ўт олиб турган микроавтобусга улгуриб қолдик. Акс ҳолда, ундан кейингиси юришини кутишимиз учун яна 2-2,5 соат вақт керак бўларди.

Могилёв микробуслари бекати

Йўлда кетарканман, 80 йиллар олдин жонини хатарга қўйиб, бу ҳудудларни ҳимоя қилган, Фарғонанинг Риштонидан бўлган енгилмас Осиё арслони – Мамадали Топволдиевнинг оламига шўнғиб кетгандек эдим. Чунки бепоён беларус далалари, тахтадан ясалган уйли қишлоқлар, дудланган гўшт ҳиди таралган кўчалар – буларнинг ҳаммаси деярли ўзгармаган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Ҳитлер армияси томонидан эгаллаб олинган бу манзилларда қаҳрамонимиз Казбек номи билан фашистларга қарши мисли кўрилмаган жасоратлар кўрсатади.

Шу ерликлардан душманга қарши курашиш мақсадида тузилган партизанлар отрядига қўшилган Казбек гуруҳдаги ягона ўзбек бўлиб, энг қўрқмас ва қайтмас жангчи сифатида танила бошлайди. Фашистлар лагерида асирга тушган сафдошларини қутқариш, Германиядан келаётган қурол ва аскарлар эшелонини тўхтатиб қўйиш учун темирйўлларни портлатиб юбориш, хавфли разведка операциялари олиб бориш ва ҳатто Ҳитлер армиясининг генералини юриб кетаётган поезддан олиб қочиб, асирга олиш каби уддалаб бўлмас ишларни қила олгани учун ҳам ундан ҳамма қўрққан. Казбекнинг боши учун ҳатто шахсан Ҳитлернинг ўзи жуда катта пул мукофоти эълон қилади ва ҳеч ким бунинг уддасидан чиқа олмайди.

Мамадали Топволдиев - Казбек

Могилёв шаҳрига етмасдан, вилоятнинг Белиничи туманига келгач, йўлда тушиб қолдик. Чунки Мамадали Топволдиев шахси билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни топишимиз мумкин бўлган Круглое туманига энг яқин йўл шу ер эди. Манзилгача 34 км қолган, лекин транспорт билан боғлиқ муаммолар шу қисқа масофада ҳам бор экан.

Белиничи автошоҳбекати

Белиничи автошоҳбекатидан Круглоега борадиган жамоат транспортлари 1 соатдан кейин йўлга тушишини айтишгач, биз Круглоега таксида етиб олишга қарор қилдик. Ўрмонлар ва қишлоқлар оша ярим соат деганда Круглое тарихий-ўлкашунослик музейига етиб келдик.

Круглоэ тарихий-ўлкашунослик музейи

Ҳаммаси шу ердан бошланади. Йўл-йўлакай сизларга Беларуснинг ўзбек ўғлони Мамадали Топволдиев ҳақида ўзимиз билганларимизни айтиб бердик. Келинг, энди Казбек беларус халқи учун ким эканлигини у ернинг вакили сўзлаб берсин.

Виа Гапаева

Виа Гапаева, Круглое тарихий-ўлкашунослик музейи директори:

Сизни бизнинг унчалик катта бўлмаган тарихий-ўлкашунослик музейида кўриб турганимиздан хурсандмиз. Бизнинг музейимиз нимаси билан машҳур? Умуман олганда, Круглое тумани 1524 йилдан бери мавжуд. Унда жуда кўплаб машҳур инсонлар туғилиб ўсган. Ҳозир сизга собиқ иттифоқ қаҳрамони, беларус халқининг ўзбек ўғлони ҳақида гапириб бермоқчимиз. Чунки бу ерда унинг иккинчи онаси яшаган. Бу инсон Ўзбекистон фарзанди – Мамадали Топволдиев.

Бир ўзбек йигити Беларуснинг партизанлар ўлкасига қандай келиб қолди, деб сўрашингиз мумкин? Гап шундаки, Иккинчи жаҳон урушида Мамадали Топволдиев асирга тушиб қолади. Кейин у дўсти Иван билан лагердан қочади. Ўрмонлар, йўллар оша икковлон Иваннинг онаси яшайдиган Пасирово қишлоғига етиб келишади. Қишлоқда бироз яшагач, Круглое туманидаги 8-партизанлар бригадаси билан алоқа боғлаб, уларга қўшилиб олишади. Шундай қилиб, у партизанлар ҳаракати аъзосига айланади”.

Гапаеванинг айтишича, бу ўзбек аскаридан немислар жуда қўрқишган. Унинг боши учун жуда катта пул мукофоти ваъда қилинган – 150 минг рейхсмарка, вилла ва юз дона сигир...

Топволдиев талаффузда жуда қийин бўлгани учун уни Толик, Казбек номлари билан аташган. Толик эса партизанлар учун қисқагина, қулайгина исм бўлган. У душманларга ҳар гал қақшатқич зарбалар берганда дарахт ёки деворларга пичоқ билан Казбек деб ёзиб кетаверган. Ва бу унинг одатига айланган.

У шу даражада енгилмас ва жасур бўлганки, ундан қўрқмасликнинг иложи бўлмаган. Бир сафар у дўсти билан аёл кийимида полицайлар ҳудудидан юзлаб сигирларни ўғирлаб, қишлоққа олиб қайтган, полицайлар горнизонидан асирларни қутқарган. Улар шу даражада бақир-чақир қилишганки, полицайлар буларни жуда кўпчилик катта куч деб ўйлаб, қаршилик қилишга қўрқишган.

Бир куни қишда Круглое марказида Осиё кўринишидаги эркак кишининг осилган танаси пайдо бўлади. Унинг бўйнида эса “Толик Казбек” деган ёзуви бўлади. Немислар тинч аҳолига афсонавий партизан қўлга тушгани ва у қатл қилинганини кўрсатмоқчи бўлишади. Аммо кутилмаганда, 1-2 кундан кейин яна душман отрядига қақшатқич зарба берилади ва у ерда яна “Казбек” ёзуви ёзиб кетилган бўлади. У шундай қилиб, ўлдирилмаганини ва яшаётганини ҳаммага билдириб қўяди”, – дейди у.

Музей директори давом этишича, уруш тугагандан сўнг Казбек ўз ватани – Ўзбекистонга қайтиб кетади. Кетгандан кейин ҳам унинг Беларус халқига ёрдами тўхтаб қолмайди. Ўша даврда Толочино ва Круглое туманлари аҳолисида экиш учун буғдой уруғи бўлмайди. Шундай шароитда Топволдиев шу икки туманга буғдой уруғлари тўлдирилган вагонлар эшелонини, иккинчи онасига эса уй қуриб бериш учун қурилиш ашёлари юборади. Унга Беларус ерларидан қарағай кўчати юборишади. Мамадалининг оиласи билан алоқада бўлиб турамиз. Уларнинг айтишича, ҳозир унинг Ўзбекистонда ўрнатилган ҳайкали атрофида ўсган қарағайлар ана ўша даврда унга юборилган дарахтлар экан.

“Мамадали Топволдиевни биз ҳам ўз юртдошимиз, деб ҳисоблаймиз. Чунки тинч аҳолига қирғин келтирган душманлардан бу ерларни озод қилиш учун у мисли кўрилмаган ишлар қилиб кетди!” – дейди Виа Гапаева.

Интервьюни якунлаб, музей одатига кўра эсдалик китобида дастхатимизни қолдириб, қаҳрамонимиз хотираси билан боғлиқ бўлган бошқа локациялар томон отландик.

Круглоэ марказий боғидаги Мамамадали Топволдиев бюсти

Собиқ Иттифоқ қаҳрамони, ўзбек ўғлони Топволдиев номи берилган манзилда унинг шахси ва исмига ҳурмат юзасидан кўчага кираверишда турли гуллар экиб қўйилганининг гувоҳи бўлдик. Бу – ўша манзил.

Круглоэ шаҳри, Мамадали Топволдиев кўчаси, 1-уй

Аслида шу кўча бўйлаб юриб, беларуснинг ўзбек фарзанди Казбек ҳақида суҳбатлар қилмоқчи эдик. Круглоеликлар чексиз бир фахр билан қаҳрамонимиз ҳақида сўзлаб беришларига ҳам ишончимиз комил эди. Фақат яна ўша таниш муаммо – Круглоедан Минскка жўнайдиган ягона маршрут соат 14:00 йўлга чиқишини билгач, ҳозирлигимизни кўрдик. Чунки вақт бўлиб қолган, бу ерларда қололмасдик.

Минскка қайтар йўлда энди чексиз бир ғурур туйиб кетяпмиз. Риштондан 4200 км узоқликдаги бу мўъжаз маҳаллаларда бугун тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига Осиё арслони – Мамадали Топволдиев ўз жонини гаровга қўйиб бўлса-да, улкан ҳиссасини қўшганди ахир. Аслида собиқ СССР армиясининг фашизм устидан қилган ғалабасида Казбек сингари минглаб ўзбек ўғлонларининг иштироки, ташаббуслари, хизматлари бор. 1919-1969 йилларда яшаган қаҳрамонимиз эса ана шундай миллат фахрларидан бири эди...

Сардорбек Усмоний,
Беларус, Минск-Могилёв

Мавзуга оид