Жамият | 15:48 / 06.10.2024
9240
5 дақиқада ўқилади

“Йилига 300-400 млн сўм даромад оламан” – асалари боқиб тирикчилик қилаётган сўхлик Асалбек ака

Сўх туманининг Девайрон қишлоғида яшовчи Асалбек Миртазобеков тоғ этагида 450 қути асаларидан 14 тоннагача асал етиштиради. Асаларичининг бобоси Хўжабек Худайчи ҳам 1863 йил Буюк Британиядан асалари олиб келтириб кўпайтирган экан. “Исмим бежиз Асалбек эмас. Бобом, ота-онам ҳам асаларичилик билан шуғулланган. Қутилардан асал йиғиштираётган онамни тўлғоқ тутиб, бол ёнида мен туғилган эканман”, – дейди у.

14 тоннагача асал оламан...

Мен туғилган кун оиламиз шу қадар кўп асал олишганки, ҳатто хамир тоғораларга ҳам асалга тўлган экан. Шу куни онам асал юқли қўлларини ювишга улгурмасдан туғилган эканман. Отам шу сабабли исмимни Асалбой қўйган.

Асалбек Миртазобеков

Бутун бошли уруғимиз асаларичилик билан шуғулланган. 1863 йил бобомиз Хўжабек Худайчи Буюк Британиядан асалари олиб келтириб, шу ишни йўлга қўйган экан. Оиламиз XIX асрдан бери асаларичилик билан шуғулланиб келмоқда.

Бобом Ҳамидбек, отам Миртазобек ва бобомнинг отаси Хўжабеклар ҳам асаларичилик билан шуғулланган ва бу касб авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

Ҳозирда 450 та асалари қутилари бор, уларда 900 оила яшайди, 8-14 тоннагача асал оламан. Шулардан 6-8 тоннасини Сўх тоғларидан, қолган қисмини пахтазор ва дарё бўйидаги ўсимликлардан йиғилган асал ташкил этади.

Тоза асал қандай бўлади?

Тоғ асали анча фойдали, аммо аллергия билан боғлиқ касалликларни ривожлантириши мумкин, пахтадан олинадиган асал эса аллергик касалликларга даво ҳисобланади.

Асаларичиликнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор, албатта. 1965 йилгача асалариларга бирорта дори бермаганмиз. Ўша йили бир қути ариларга кана юқиб қолиб, дори билан тузатганмиз. Бу касб ота касбим бўлгани учун ҳам кўп сир-асрорларини отам ва онамдан ўргандим.

Кўпчилик мендан тоза асални қандай фарқлаш мумкин деб сўрашади. Агар асаларига қиём беришган бўлса, унинг асали эритилганда тиниқ туради. Тоза асал эса хира ҳолда бўлади. Энг яхши ва шифобахш асал пахтадан олинадиган асал ҳисобланади. Тоғ асали эса танага қувват беради, қондаги гемоглабин миқдорини оширади.

Йилига 300-400 миллионгача даромад

Ишимнинг машаққати ҳам кўп, лекин роҳати ҳам бор. 14 тонна асалнинг пулига 2010 йил Malibu, юк ташувчи фура олганман. Хуллас, баракаси анча яхши. Йилига 300-400 миллионгача даромад топаман. Фақат тоза асал сотаман, қиём аралаштирилганини эмас. Тошкент, Фарғона, ҳатто чет давлатларига ҳам асал экспорт қиламиз.

Икки қути асаларидан 30-40 килограммгача асал олиш мумкин. Бу бир оилани таъминлай олади. Сўх тумани собиқ ҳокими Фаррух Ўсаровнинг таклифи билан кўплаб оилаларга 2 қутидан асалари берганман ва улар ҳозир ўз фаолиятларини шу соҳада юритишмоқда. Бир қути асаларини 200-250 мингга сотаман. 2017 йилда 22 та хонадонга асалари бериб, уларга йўл-йўриқларини ўргатиб турганман. Кўп шогирдларим ўша йили 300-350 килограммгача асал олишган.

Коврак экиш керак

Асаларичилик сир-асрорлари ҳақида гапирадиган бўлсак, сентябр-октябр ойларида асалариларга дори бериш керак ва ожиз асалари бор қутига жонлироқларини қўшиш керак. Бу бирдан амалга оширилмайди. Икки соат икки қутига ҳам атир сепиб қўйиб, кейин иккисини бирлаштириш керак. 4 та устунчали қутига 3 та устунчани жойлаштириб чиқиш керак. Қишни ўтказгандан кейин 15 апрелдан асалари сотиш мумкин.

Туман ҳокимига коврак экишни маслаҳат бердим. Бу ўсимликдан олинган асал анча шифобахш хусусиятга эга бўлади.

Агар 1,5 гектар жопоядан ҳар бир тадбиркор 4 қутидан асалари олса, 1 000 дан ортиқ тадбиркор иш билан таъминланган бўлади. Асаларидан жуда кўп фойдали маҳсулотлар олинади.

Дисбактериозли танишларимга эрталаб оч қоринга қайноқ сувга 1 ёки 2 қошиқ асални аралаштириб ичиб, 1 соатлардан кейин овқатланишни тавсия берганман. Бу ошқозонида муаммоси бор танишларимга фойда берган.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид