Жамият | 17:51 / 06.10.2024
30165
4 дақиқада ўқилади

Йўлларда авариялар кўпайди, тезлик ҳайдовчиларни қотилга айлантирмоқда

Сўнгги бир неча кунда айнан пиёдалар ўтиш йўлагида содир бўлган аварияларга кетма-кет гувоҳ бўляпмиз. Энг ачинарлиси эса – бу каби йўл-транспорт ҳодисалари ёш болалар, мактаб ўқувчилари билан кўпроқ бўлмоқда. Ҳайдовчилар борган сари йўл қоидаларини писанд қилмаётгандек. Ҳокимият вакилларидан тортиб санъаткорларгача қоидабузар.

2 октябр куни эрта тонгда Бухоро вилояти Қоракўл туманида 2 ўқувчи қиз репетиторга кетаётиб, уларни машина уриб юборган. Оқибатда улардан бири, афсуски, ҳалок бўлганди. Иккинчиси эса жиддий тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Бундан сал олдинроқ эса Тошкент вилоятининг юқори Чирчиқ туманида Cobalt русумли автомобил йўлдан ўтаётган 11 ёшли мактаб ўқувчисини уриб кетган. Бу ҳолатда энг кўп эътиборимизни тортган нарса – қўлида қизил байроқ кўтариб, вазифаси нима эканини ҳам билмаётган эркак. Унинг вазифаси мактаб ўқувчиларини мана шундай пиёдалар ўтиш йўлакларидан эсон-омон ўтказиб қўйиш. Лекин у қизалоқни машина урганидан кейин ҳам нима қилишни билмайди.

21 сентябр куни Бухоро вилояти Ромитан туманида ҳоким ёрдамчиси Nexia-2 автомобилида 3-синф ўқувчисини уриб юборган. 10 ёшли бола воқеа жойида вафот этган.

Бундан 1 кун олдин, 20 сентябр куни эса Тошкент шаҳар Сергели туманида BYD автомобили автобусдан тушиб, юриб кетаётган 9 ёшли қизалоқни уриб юборган. Ўқувчи қиз юқори тезликда ҳаракатланган машина зарбидан ҳалок бўлган. BYD ҳайдовчисига эса жиноят иши қўзғатилган.

18 сентябр куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида содир бўлган авария оқибатида 19 ёшли қиз ҳалок бўлган. Бу ҳам пиёдалар ўтиш йўлагида содир бўлган. Ҳали тирик бўлган пиёдани эса ҳайдовчи машинамга ўлик ортмайман, деб шифохонага олиб боришдан бош тортган. Оқибатда тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунича қиз жон берган.

Агар эътибор берган бўлсангиз, бундай воқеалар кетма-кет юз бермоқда. Энг аянчлиси авариялар мактаб ўқувчилари, ёш болалар билан содир бўлиб, энг ёмон оқибат – ўлим билан якунланмоқда. Бу шунчаки қўрқинчли рақамлар эмас, уларнинг ҳар бири сиз-у биздек одам, фарзандлар, ёшлардир.

Албатта, бундай воқеаларга фаоллар жим қараб тургани йўқ, ким хабардор бўлган бўлса, буни қоралашга уринди. Яна бир нарса шуки, ҳайдовчилар орасида борган сари йўл ҳаракати қоидаларини писанд қилмаслик, ҳурмат қилмаслик анъанага айланмоқда. Уларнинг ичида ҳокимият вакиллари ҳам, санъаткорлар ҳам бор. Масалан, бир неча кун олдин хонанда Жаҳонгир Отажонов машинасида 195 тезликда ҳаракатланиб, буни ўз ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига жойлади. Бунинг оқибати қандай бўлишини у билмасди деб ўйлайсизми? Албатта, билади. Шунчаки, санъаткор кўриладиган чора жуда оддийлигини ҳам билади. Хонандага жами 4,5 миллион сўм жарима солинган.

Аслида йўллардаги ўлимни нормал қабул қилиб бўлмайди, чунки бу фақат ўша ҳайдовчи ва ўша пиёданинг эмас, жамиятнинг муаммоси ва айби. Чунки жамият лоқайд экан, бу каби воқеалар ҳам кўпаяверади. Йўлларда йўқотилаётган ҳар бир жон масъулияти ва жавобгарлигини тегишли ҳокимликлар, маҳаллий идоралар, ички ишлар ва транспорт вазирликлари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси олиши керак. Депутатлар, сенаторлар, халқ вакиллари бу муаммо ҳақида тўхтовсиз гапириши, масъулларни огоҳ қилиши шарт. Ўлим ҳолатлари учун эса жазо қатъийлаштирилиши жоиздир, балки. Чунки гувоҳи бўляпмиз, пиёдалар ўлимига сабаб бўлувчи аварияларни содир этганлар ҳам тезда эркинликка чиқарилиб, бемалол яшашда давом этмоқда.

Мавзуга оид