Жаҳон | 18:02
3311
2 дақиқада ўқилади

Қатарда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузган ҳайдовчининг автомобили йўқ қилинди

Қоидабузарнинг автомобили суд қарорига кўра мусодара этилиб, утилизация қилинди.

Фото: MOI_Qatar/X

Қатар давлатида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузган ва бошқаларнинг ҳаёти ва мулкини хавф остига қўядиган тарзда турли манёврларни амалга оширган ҳайдовчи жаримага тортилди. Шунингдек, унинг автомобили йўқ қилинди, деб хабар берди Қатар Ички ишлар вазирлиги.

Идора намойиш этган видеолавҳаларда ҳайдовчи автомобилни дрифт қилгани, яъни йўлда хавфли тарзда сирпантиргани кўринади.

«Ҳайдовчи одамлар ҳаёти ҳамда давлат ва хусусий мулкка хавф туғдирувчи тарзда эҳтиётсизлик билан автомобилни бошқаргани учун ваколатли идоралар томонидан қўлга олинди. Қонуний чоралар кўрилди ва автомашинани мусодара қилиш тўғрисида суд қарори чиқарилди. Ички ишлар департаменти ҳаёт ва мулкни ҳимоя қилиш учун қонунлар ва қоидаларни амалга оширишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди», дейилади хабарда.

Видеолавҳа якунида автомобил махсус техника ёрдамида утилизация қилингани кўринади.

Хабарда ҳайдовчи қанча миқдорда жаримага тортилгани ҳақида маълумот берилмаган. Бироқ, Қатар Йўл ҳаракати қоидаларининг 94-моддасида бундай қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчи 1 ойдан 3 йилгача қамалиши ёки 10 минг риёлдан 50 минг риёлгача ($2700-$13700) жаримага тортилиши белгилаб қўйилган.

Мавзуга оид